Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПФ-5215-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПФ-5215-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти 2017 йилнинг 10 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармонига 1-иловага киритилган махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш ишларини амалга ошираётгани маълумот учун қабул қилинади.

2. Махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

3. Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун илгари берилган лицензиялар уларнинг муддати тугагунгача амал қилади.

4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.С.Отажонов зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолиятини, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия бериш назарда тутилган тегишли ҳужжатлари ёки қарорлари асосида махсус турдаги товарларни етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларни амалга ошириш учун зарур бўлган, аммо бир йилдан ошмайдиган муддатга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда берилади.