АҚШ президенти Дональд Трампнинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қарори Фаластин-Исроил можаросига ечим топишга доир музокараларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дея ҳисоблайди Марокаш қироли Муҳаммад VI. У Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги ал-Қудс бўйича Қўмита раиси саналади.

Марокаш қиролининг Трампга йўллаган мурожаати матнига кўра, ал-Қудснинг мақоми Яқин Шарқдаги вазиятни ҳал қилиш масаласида марказий ўринни эгаллайди. "Шаҳарнинг ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиш лозим, ҳамда унинг сиёсий мақомига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган чораларни кўриш керак эмас", - дея ҳисоблайди Марокаш қироли. Мурожаат матни қироллик канцелярияси сайтида эълон қилинди.

АҚШ Яқин Шарқдаги тинч жараённинг “асосий ҳомийларидан” бири бўлгани сабабли, ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш режаси можарога ечим топишда салбий ўрин тутиши мумкин.

"Юқорида тилга олинган режа Фаластин-Исроил можаросига адолатли ҳамда кенг кўламли ечим топиш истиқболларига, айниқса АҚШ тинч жараённинг асосий ҳомийларидан бири бўлиб турганида, унга барча томонлар ишонч билдираётган шароитда салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан йироқ эмас", - дея ёзган Марокаш қироли.

Муҳаммад VI Қўшма Штатлар президентига ал-Қудс яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар учун жуда муҳим ўрин тутишини эслатиб қўйган ҳамда бу шаҳарнинг “бирга яшаш ва сабр-тоқат ери ҳамда белгиси” мақомини сақлаб қолишга чақирган.

Мавзуга оид: «Эҳтиёт бўлинг!». ЕИ АҚШни ал-Қудс бўйича огоҳлантирди

"Ўзининг ноёб диний характери, тарихий ўрни ва муҳим сиёсий аҳамияти туфайли ал-Қудс барча учун бирга истиқомат қилиш ва сабр-тоқат ери ҳамда белгиси бўлиб қолишда давом этиши керак", - дея хулоса қилган қирол.

АҚШ президенти Дональд Трамп ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олганини чоршанба куни расман маълум қилади, дея хабар берган Оқ уйнинг юқори лавозимли вакили. Унинг сўзларига кўра, "бу ҳам тарихий ҳақиқатни, ҳам ҳозирги реалликни тан олиш саналади", шунингдек, тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокара жараёнининг қандайдир жиҳатлари ва чегара масаласига алоқадор эмас. Оқ уйдан қайд этишларича, ал-Қудс бўйича қарор АҚШнинг Исроил чегаралари бўйича сиёсатини ўзгартирмайди.