Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Объектдан ифлосланган машина чиқарилгани учун қурувчи жаримага тортилади
Тошкент шаҳар ҳокими 11.10.2017 йилдаги 158-ф-сон фармойишга имзо чекди, у атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва шаҳар кўчалари ифлосланишининг олдини олишга қаратилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳридаги барча қурилиш майдонларига катта юк автомобиллари ғилдиракларини шаҳар магистралларига чиқишдан олдин ювиш мажбурияти юкланди. Мазкур талабни бажариш учун қурилиш ташкилотлари ғилдиракларни ювишга мўлжалланган махсус асбоб-ускуналарни сотиб олишларига тўғри келади.
Пойтахт ҳокимлигида ўтказилган брифинг чоғида Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги махсус комиссия вакили А.Мустафин фақат эстетик жиҳатларни инобатга олиб эмас, балки минтақанинг иқлимий ўзига хосликларидан келиб чиқиб шундай талаб қўйилганлигини таъкидлади.
– Тупроқнинг табиий хусусиятлари сабабли Ўзбекистонга юқори даражадаги чанглик хос. Катта юк ортиладиган қурилиш машиналари ўз ғилдираклари билан лойларни умумий фойдаланишдаги автотрассаларга олиб чиққанида вазият янада мураккаблашади, – деди у.
Ҳоким ўринбосари Фарида Абдураҳимова таъкидлаганидек, бугунги кунда Тошкентда ҳужжатнинг ижроси бўйича чоралар кўрилган. Намуна тариқасида Сергели туманидаги йирик қурилиш объекти келтирилган, у ерда арзон турар жойлар комплекси қурилмоқда. Ушбу объектда тегишли асбоб-ускуналар сотиб олинган ва фойдаланилмоқда.
Қарор билан янги талабларни эътиборсиз қолдирган қурувчилар учун жазо кўзда тутилган. Уларга нисбатан жарималар ёки талаб бажарилгунига қадар барча қурилиш ишларини тўхтатиб туриш қўлланилади.
Маълумот учун: қурилиш-монтаж ишларини бажаришда талабларни бузиш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 дан 5 бараваригача жарима солишни кўзда тутади (МЖтК 99-модда 1-қисм).
Ҳужжатда, шунингдек, нотўғри транспортировка қилинганида кўчаларни ифлослаши мумкин бўлган қурилиш материаллари ва қурилиш чиқиндиларини ташиш қоидаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Бундай юкларни ёки махсус техникада (ёпиқ кузовли) ёхуд оддий юк машиналарида олдиндан юкларни намлаб ва устини тент билан ёпиб ташиш даркор.
Пойтахт ҳокимлиги вакили таъкидлаганидек, фармойиш бажарилишини назорат қилиш махсус гуруҳ зиммасига юклатилган бўлиб, у ҳар 10 кунда барча йирик қурилиш объектларини мониторинг қилади.
Мавзуга оид
12:11 / 06.07.2026
Ўзбекистонда биринчи Халқаро ислом форуми бошланмоқда
18:20 / 04.07.2026
Тошкентнинг ҳар бир туманида 15-20 тадан жамоат ҳожатхоналари қурилади
17:57 / 04.07.2026
Тошкентда янги типдаги мактаблар қурилади: спортзал ва ошхона ертўлада бўлади
17:37 / 04.07.2026