Биз вақт доим камлик қиладиган ҳолатда яшаяпмиз. Бир вақтнинг ўзида бир неча вазифа устида ишлашимизга тўғри келмоқда. Ҳар куни жуда кўп маълумотга эга бўламиз, электрон почта, мессенжерлар орқали келувчи хабарлар ва қўнғироқлар эса диққатни жамлашни қийинлаштиради. Орада ижтимоий тармоқларни кўздан кечириб чиқишимиз керак: дўстларимиз ҳаётидаги ва умуман дунёдаги янгиликларни ўтказиб юбормадикми? Муҳим ишлар учун вақт ва куч-қувватни қандай асраш керак? Forbes журналисти Сергей Пигаревнинг фикрича, энг аввало, энергия захираси ва мотивацияни пасайтирувчи вақт "ўғрилари"дан халос бўлиш керак.

1. Тартибсизликни бартараф этинг

Биз иш столимиз ёки электрон почтамиздаги тартибсизлик  оқибатларини етарлича баҳолай олмасликка мойилмиз. Иш столини тартибга келтириш тахминан бир соат вақт олади, хаосда муайян бир файлни излаш эса - "атиги" икки дақиқа. Бу дақиқаларни ҳафтасига олти кун ва кунига бир неча маротаба йўқотишимиз ҳақида эса ўйламаймиз ҳам. Аслида компьютер иш столи ва почтани тартибга келтиришга вақтинчалик вақт сарфи бир неча ҳафтада қопланади. Ёдингизда бўлсин, энди сиз ўзингизга керакли файлни қидириб асабийлашмайсиз ва мотивацияни йўқотмайсиз.

Фото: Getty Images

Шундай қилингки, компьютер қаршисида ишлаётганингизда сизни ҳеч нима чалғитмасин. Бунинг учун барча предметларни (стикерлар, ручка, қаламлар, кундалик ва б.) стол чеккасига жойлаш керак. Сиз ва монитор ўртасида, шунингдек ушбу кўринмас траекториядан 10-15 сантиметр масофада клавиатура ва сичқончадан бошқа ҳеч нарса бўлиши керак эмас. Кўз олдимиздаги предметлар бизни чалғитади, диққатимизни бўлади. Сиз муайян бир вазифа устида ишлаяпсиз ва кутилмаганда кўзингиз 2-рақамли вазифа муҳрланган стикерга тушади. Сиз уни ўқиб, мулоҳаза қилгунингизга қадар бир неча дақиқа йўқотасиз.

2. Кўпроқ "қурбақа енг"

Биз доим орқага сурадиган майда ёқимсиз вазифалар бор. Бу қўл остимиздаги ходимлар билан ёқимсиз суҳбат, маошни ошириш ҳақида сўраш ёки телефон қўнғироғи бўлиши мумкин. Бундай вазифалар "қурбақалар" деб аталади. Биз ҳар куни "Бугун аниқ шу ишни қиламан" деймизу, бироқ яна ва яна уни орқага сурамиз. Бу эса бизнинг энергия ва вақтимизни олади: биз муҳим ишлардан чалғиб, хаёлан уларга қайтамиз. Кеча ёки ўтган куни шу вазифани бажармаганимиз учун ўзимизни айблаймиз ва ўзимизга бўлган ишончни йўқотамиз. Бундан ташқари, бажарилишига бир неча дақиқа кетиши мумкин бўлган ишлар вақт ўтган сари жиддий муаммога айланиши мумкин.