Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин қизлар бандлигини таъминлашга доир фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш комплекс чора-тадбирлари дастурини бажариш ҳамда аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг:

аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ва меҳнат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмини;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларини ишсизларни ва банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштиришда фаол кўмаклашганлиги учун моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

2. Аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ва меҳнат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланди ҳамда у 2018 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилади.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳар бир органини, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин- қизлар қўмитасининг туман (шаҳар) бўлинмаларини бутунжаҳон Интернет тармоғига улаган ҳолда компьютер билан ҳамда Бўш иш ўринларнинг миллий базасидан фойдаланиш имконини берадиган конфигурация билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар кўрадилар.