Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд шаҳрида «112» ягона рақами орқали шошилинч оператив хизматларни чақириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Самарқанд шаҳрида ҳодиса ва фавқулодда вазиятларга шошилинч чора кўрилишини таъминлаш соҳасида ахборот тизимларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплекси лойиҳасини амалга ошириш доирасида Самарқанд шаҳрида шошилинч оператив хизматларнинг муқобил телефон рақамларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолган ҳолда «112» ягона рақами (кейинги ўринларда - «112» тизими деб аталади) орқали шошилинч оператив хизматларни чақириш тизимини жорий этиш тажриба лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
2. Қуйидагилар «112» тизимини ташкил этишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
Самарқанд шаҳридаги шошилинч оператив хизматларнинг навбатчи- диспетчерлик бўлинмалари ўртасида яқиндан ахборот алмашинуви бўйича мустаҳкам ҳамкорликни таъминлаш;
одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда, ёнғинларда, йўл-транспорт ҳодисаларида, жамоат тартиби бузилганда ҳамда авария, бахтсиз ҳодисаларда ва фавқулодда вазиятларда дарҳол хабардор қилиш ва шошилинч оператив хизматларнинг мувофиқлаштирилган чоралари кўрилишини таъминлаш;
бахтсиз ҳодисалар ва фавқулодда вазиятлар рўй берганда фуқароларга консультатив ва психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда шаффофликни таъминлаш ҳамда шошилинч оператив хизматларнинг ўз вақтида чора кўриши юзасидан тизимли назорат юритиш.
3. Белгиланишича, чақирув «112» тизими орқали таъминланадиган шошилинч оператив хизматларга қуйидаги бўлинмалар киради:
ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги хизматлари;
ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, тартиббузарликларни профилактика қилиш ва жиноятларга қарши курашиш бўлинмалари;
шошилинч тиббий ёрдам хизматлари;














