Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори билан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги 864-сон “Тадбиркорлик субъектларига фақат “ягона дарча” тамойили бўйича ягона марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қарор қилдилар:

1. Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, “Ягона дарча” марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини бериш “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш” давлат хизмати сифатида кўрсатилади.

Ушбу давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали амалга оширилади

ЭРИ калитларини рўйхатга олиш ва ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш ваколатли орган томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг “ягона дарча” марказлари орқали берилган аризаларига асосан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилган аризаларига асосан амалга оширилади.