09:29 / 14.12.2017
11801

Автомобиль рақамлари савдоси ҳақида смс-хабар орқали маълумот олиш имкони яратилди

Фото: Pocketstop

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси AVTORAQAM савдо платформасида онлайн аукционлар иштирокчилари учун “SMS хабар” хизмат турини ишлаб чиқди ва жорий этди.

Мазкур хизматдан фойдаланган ҳолда, автоҳаваскорлар авторақамларнинг савдога қўйилиши бўйича маълумотларни тезкор тарзда олишлари ҳамда маълум лотга обуна бўлиб, унинг ҳолатини мунтазам равишда кузатиб боришлари мумкин.
 
“SMS хабар” хизмати мижозга уни қизиқтираётган авторақам бўйича савдо вақтини ўтказиб юбормаслик ва сотиб олинган авторақам тўловини амалга оширишнинг аниқ вақти ва уни рўйхатдан ўтказиш жойини билиб олиш имконини тақдим этади. SMS хабарлар хизматга уланишда кўрсатилган телефонга келиб тушади.
 
Биржанинг янги хизматига уланиш учун avtoraqam.uzex.uz веб-сайтининг мижозлар учун шахсий кабинетида "SMS" саҳифасига ўтиш ва офертани қабул қилиш лозим. Хизмат пуллик бўлиб, ойлик абонент тўлови 10 000 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда чиройли автомобиль рақамларини онлайн-аукционлар орқали сотиш сентябрь ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Ушбу онлайн-платформа орқали илк автомобиль рақами 7,5 млн сўмга сотилганди. 

Биржанинг савдоларни ташкиллаштириш бўйича директори Азиз Абдуғаниевнинг таъкидлашича, жозибадор автомобиль рақамларини сотиш орқали 380 млрд сўм олинмоқчи. 

Top