Бразилияда сайлов

Бразилияда 25 октябр куни ўтказилган президентлик сайловининг иккинчи турида амалдаги президент Лула да Силва ғалаба қозонди. Шу тариқа 80 ёшли сиёсатчи тўртинчи марта давлат раҳбари этиб сайланди.

Мамлакат Олий сайлов судининг якуний маълумотларига кўра, Лула 64,3 миллион (51,79 фоиз) овоз олди. Унинг рақиби, собиқ президент Жаир Болсонаронинг тўнғич ўғли Флавио Болсонаро эса 59,8 миллион (48,21 фоиз) овоз тўплади.

Айримлар бу натижани сўровномаларга зид, кутилмаган ғалаба деб атади. Чунки 4 октябрдаги биринчи турда Болсонаро Луладан қарийб 2 фоиз кўп овоз олганди.

Сан-Паулуда тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Лула мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишини таъкидлади. У АҚШ президенти Доналд Трампга ишора қилиб шундай деди: «Бу мамлакат ҳеч кимнинг орқа ҳовлиси бўлишни қабул қилмайди».

Флавио Болсонаро эса мағлубиятни тан олмади. У Олий суд овоз бериш вақтини икки соатга узайтиргани сабабли натижани бекор қилишни сўрамоқчи. Бироқ таҳлилчилар бунинг эҳтимоли жуда паст эканини айтмоқда. Сабаби, овозлар фарқи 4 миллиондан ошади, Болсонаро штаби эса жанубдаги ёмғирлар туфайли ўзи ҳам вақтни узайтиришни сўраганди.

2022 йилги сайловда Лулага ютқазган Жаир Болсонаро ҳам натижани тан олмаганди. Кейинчалик у ҳокимиятда қолиш мақсадида давлат тўнтаришини режалаштиргани учун 27 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Лула ғалабаси Трампни Лотин Америкасида ўзига яқин ўнг ҳукуматлар сафини кенгайтириш имконидан маҳрум қилди. Бироқ Лулани оғир муддат кутмоқда, чунки Бразилияда 1980 йиллардан бери энг консерватив Конгресс сайланди.

Шри-Ланка эронлик денгизчиларни қутқарди

АҚШнинг денгиз қамали туфайли очиқ денгизда қолиб кетган Эрон кемаларидаги денгизчиларга Шри-Ланка яна ёрдам берди. Мамлакат ТИВ вакилининг BBC'га айтишича, 24 октябр куни орол қирғоқлари яқинидаги халқаро сувлардан 40 нафар эронлик денгизчи олиб чиқилди.

Шанба куни Эрон кемаларидан шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат келган. Қутқарув операциясини Эроннинг Коломбодаги элчихонаси режалаштирган. Денгизчилар турли кемаларда хизмат қилган, бироқ кемалар сони маълум эмас. Денгизчиларнинг қандай касалликка чалингани ҳам ошкор қилинмади.

Денгизчилар тиббий ёрдам учун Коломбога олиб борилди ва шу куни кечқурун самолётда Эронга қайтарилди.