Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–август ойларида турли русумдаги 310 389 дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилган. Миллий статистика қўмитасининг хабар беришича, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26 минг донага ошган.

Ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар моделлар ва брендлар бўйича:

  • Cobalt — 107 141 дона;

  • Damas — 55 022 дона;

  • Тracker — 29 781 дона;

  • BYD — 23 850 дона;

  • Оnix — 23 498 дона;

  • КIA — 19 374 дона;

  • HAVAL — 6227 дона;

  • Chery — 5751 дона;

  • Damas Move — 1530 дона;

  • махсус енгил автомобиллар — 38 215 дона.

Бозор қандай ўзгаряпти?

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳар учта машинадан бири Cobalt бўлиб қоляпти. Хусусан, 8 ойликда ишлаб чиқариш 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8128 донага кўпайиб, 107 минг донадан ошди. Аммо умумий бозор ҳажми тезроқ ўсгани сабабли ушбу моделнинг улуши деярли ўзгармаган ва 34,5 фоизни ташкил этган.

Маълумот учун, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 82 минг 951 дона Cobalt ишлаб чиқарилган. Ушбу даврда сотувлар ҳажми 40 минг 936 дона бўлган.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг биринчи ярмида 73 минг 102 та Cobalt ишлаб чиқарилган, уларнинг 67 минг 580 таси эса сотилганди. Бу эса биринчи ярим йилликда Cobalt ишлаб чиқариш 9 минг 849 тага ошганини, бироқ сотувлар 26 минг 644 тага камайиб кетганини кўрсатади. Кейинги давр учун расмий рақамлар ҳали эълон қилингани йўқ.

Январ – август ойларида ишлаб чиқаришдаги энг катта ўсиш BYD моделлари билан кузатилган — 84,5 фоиз. Шунингдек, Оnix (16 фоиз), Haval (17,4 фоиз) ва KIA (12,9 фоиз) брендларида ҳам сезиларли ошиш кузатилган.