Geely EX5 EM-i эса бундан ҳам узоқроқ масофани босиб ўтишга қодир эканини амалда исботлади.

Geely Auto Uzbekistan Буюк Ипак йўлининг тарихий шаҳарлари бўйлаб халқаро “3L Challenge” синовини муваффақиятли якунлади. EX5 EM-i супер гибрид кроссовери ҳақиқий йўл шароитларида ўртача 3,8 л/100 км ёқилғи сарфини қайд этди.

Ўзбекистон йўлларида ўтказилган синов давомида Geely EX5 EM-i супер гибрид кроссовери қўшимча ёқилғисиз ва аккумуляторни қайта қувватлашсиз 1 205 километр масофани босиб ўтди. Автомобилнинг борт компютери маълумотларига кўра, ўртача ёқилғи сарфи 100 километрга атиги 3,8 литрни ташкил этди. Энг эътиборлиси, 1205 км дан кейин, бензин тугаган вақтда ҳам аккумуляторда 23 фоиз қувват сақланиб қолган эди.

Ушбу натижа Geely компаниясининг халкаро “3L Challenge” лойиҳаси доирасида қайд этилди. Мазкур лойиҳа EM-i Super Gibrid технологиясининг тежамкорлиги ва узоқ масофаларга ҳаракатланиш имкониятларини турли мамлакатларнинг ҳақиқий йўл шароитларида синовдан ўтказишга қаратилган.

Буюк Ипак йўли шаҳарлари бўйлаб 1 205 километр

Синов Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган расмий Geely дилерлик марказидан бошланди. Сафар олдидан автомобилнинг 50 литрли ёқилғи баки тўлдирилди ва аккумулятори 100 фоизгача қувватланди.

Кроссовер дастлаб Самарқанд шаҳри орқали Навоийга, сўнг Бухорога йўл олди. Бухорода жамоа Geely расмий дилерлик марказига ташриф буюрди. Кейинги йўналиш эса чўл ҳудудларидан ўтувчи узун автомобиль йўллари орқали Урганч шаҳрига давом этди. Бу ерда ҳам расмий Geely дилерлик марказига ташриф буюрилгач, автомобиль сафарнинг асосий манзили — тарихий Хива шаҳрига етиб борди.

Фото: Geely

Хивага етиб келганида EX5 EM-i аллақачон 1 055 километр масофани бирор марта ёқилғи құймасдан ва аккумуляторини қайта қувватламасдан босиб ўтган эди.

Бироқ синов шу билан якунланмади.

Автомобилда ҳали энергия заҳираси мавжуд бўлгани сабабли ҳайдовчилар унинг имкониятларини янада чуқурроқ синаб кўришга қарор қилишди. Улар одатий ҳайдаш шароитларини сақлаган ҳолда ҳаракатни давом эттиришди.

Натижада автомобиль 1 205 километр масофани босиб ўтгач, бакдаги бензин тугади. Шунга қарамай, аккумуляторда 23 фоиз қувват сақланиб қолди. Бу эса автомобиль электр энергияси ҳисобига ҳаракатни давом эттириш имкониятига эга эканини кўрсатди.