Тадбирда компания раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек, меҳмон сифатида таниқли ўзбек ёзувчиси Нурали Қобул иштирок этди.
Ўзбек тилининг миллий ўзликни англаш ва тарихий хотирани сақлашдаги ўрни, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг она тилимиз ривожига қўшган ҳиссаси тадбирдаги асосий мавзулардан бўлди. Айниқса сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини юксалтириш, уни ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлақонли қўллаш, давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишни давлат тилида самарали ташкил этиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, унинг амалда кенг қўлланиши масалалари халқаро миқёсда ҳам эътибор қаратилаётган мавзулардан бири экани қайд этилди.
Дастурдан ўрин олган давра суҳбатида ёзувчи Нурали Қобул билан халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросини келажак авлодларга етказиш, аждодларимиз қолдирган маънавий бойликни қадрлаш ҳамда адабиётнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, адибнинг ижодий фаолияти ва асарларида тарихий воқеаларнинг бадиий талқини ҳақида сўз юритилди. Компания ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан ёзувчига мурожаат қилишди.
Байрам тадбири доирасида компания ходимлари ўртасида Алишер Навоий ғазалларини айтиш бўйича мушоира ҳамда ўзбек адибларининг насрий асарларидан ўқилган парчалар асосида уларнинг муаллифларини аниқлашга бағишланган адабий викторина ўтказилди. Ғолиблар совринлар билан тақдирланди.
Компанияда шаклланган анъанага мувофиқ, барча ходимларга ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намуналаридан иборат китоблар совға қилинди.
Колл-марказ: (+998) 71−207−60−00, 1160
Сайт | Facebook | Instagram | Telegram | YouTube
Реклама ҳуқуқи асосида
















