Нью-Йоркда собиқ СССРда туғилган тўрт киши ва бир нафар америкалик топширилган бўш идишлар билан боғлиқ фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда gulflifestyle.com маълум қилмоқда.

Гуруҳга тошкентлик 46 ёшли Элдор Раҳимов бошчилик қилган, унинг укаси Нозим, 32 ёшли таниши Владимир Забродин ва тенгдоши Руслан Қодиров ҳамда 64 ёшли Жозеф Финнеранга фирибгарлик учун назарий жиҳатдан 20 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Қамоқ муддати жиноий йўл билан қўлга киритилган даромадларнинг миқдорига ҳам боғлиқ бўлади. Нью-Йоркнинг Жанубий округи прокуратураси ҳибсга олинганлар томонидан қўлга киритилган жами даромадни ҳозирча 300 минг АҚШ долларига баҳоламоқда.

Бошқа томондан, бунчалик суммани ишлаб топиш учун улар пиво, шарбатлар ва салқин ичимликлардан бўшаган миллиондан ортиқ шишаларни топшириши керак бўлган.

1983 йилда Нью-Йоркда қабул қилинган қонунга кўра, пиво ва салқин ичимликлар идишига 5 фоизлик устама жорий этилган. Бўшаган идишларни қабул қилиш пунктларида шу суммага топшириш мумкин.

Қабул пунктлари, асосан, дўконлар тамбури ёки ёрдамчи хоналарда жойлаштирилган автоматлардан иборат бўлади. Автомат топширилаётган идишларни санаб, кассада олиш мумкин бўлган нақд пулга квитанция чиқариб беради ёки танга-чақаларда дарҳол тўлаб беради.

Вино ва бошқа кучли алкоголли ичимликларнинг шишалари Нью-Йоркда қабул қилинмайди ва улар идиши учун устамасиз сотилади.

Ҳар бир машинадан минг доллар

ФҚБ терговчиси Аарон Оттерсоннинг сўзларига кўра, ўтган йили хуфёна казинода пул ютқазгани учун ундан пул талаб қилаётган инсонлардан шикоят қилиб бир киши ҳокимиятга мурожаат қилади.

Ўша эркак яширин айғоқчи бўлишга рози бўлади, жумладан, пул талаб қилаётган инсонларнинг овозини ёзиб олади ва сохта юк хатларини суратга тушириб юради.

Терговчи Оттерсоннинг судга маълум қилишича, айғоқчи ФҚБга пул учун эмас, қилган жиноий хатти-ҳаракатлари учун жазони енгиллаштириш мақсадида ишлайди.