Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси «фоизсиз кредит олиб бериш» ваъдаси билан юзлаб фуқароларнинг йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, гуруҳ аъзолари интернетда фоизсиз ёки имтиёзли шартларда кредит олиб беришни ваъда қилиб сохта эълонлар жойлаштирган.

Қизиқиш билдирган фуқаролар олдиндан ижарага олинган ҳашаматли офисларга таклиф қилинган. Улар фуқароларга кредитни ўз номларига расмийлаштириб беришни таклиф қилиб, бунинг эвазига ажратилган маблағнинг маълум қисмини ўзлаштиришган.

Фирибгарлар фуқароларга «Cизнинг номингизга 100 млн сўм кредит олиб берамиз. Унинг 50 млн сўми сизга берилади, қолган 50 млн сўми эса компанияда қолади. Кредитнинг ойлик тўловларини эса ўзимиз тўлаб борамиз, сизга ҳеч қандай муаммо бўлмайди», дея ваъда беришган.

Уларнинг ёлғон ваъдаларига ишонган фуқаролар ўз телефонлари орқали кредит расмийлаштириш жараёнларини амалга оширган. Натижада, 400 дан ортиқ фуқаронинг номига кредитлар расмийлаштирилиб, ажратилган маблағларнинг тенг ярмини фирибгарлар қўлга киритишган. Ўзлаштирилган маблағларнинг умумий миқдори қарийб 17 миллиард сўмни ташкил этади.

Орадан маълум вақт ўтгач, фуқароларга банклар томонидан кредит қарздорлигини ундириш бўйича талабномалар юборила бошланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Терговга қадар текширув ва тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси гумонланувчи тариқасида ушланган ва қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ИИББ фуқароларни интернетдаги «фоизсиз кредит», «жуда кам фоизли кредит», «ҳужжатсиз кредит» каби шубҳали ва сохта кредит таклифларига ишонмасликка ҳамда огоҳ бўлишга чақирди.