Жамият | 10:56 / 18.12.2017
10360
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада “уч оғайни ўғри” ушланди

Фото: KUN.UZ

Шамсиддин Шодиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мўмай пул ишлаб топиш илинжида норасмий равишда хорижга чиқиб кетди. Орадан кўп ўтмай, рафиқасини ҳам чақириб олди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Улғайиб, вояга етган ўғли Шаҳобиддин бобо-момоси билан яшаб турди. Тергаб турадиган ота-онаси олисда, бемалолхўжага айланган йигит биронта жойда ёлчитиб ишламади. Тайинли иши бўлмаган амакисининг ўғли Турдиали, такасалтанг оғайнилари билан кайфу сафога берилди.

Шу йил 26 февраль куни жияни Турдиали билан қишлоқнинг гузарида кўришди.

- Бешариқдаги Ғиёс аканинг автомойкасидан карчерни олиб кетиб сотамиз, - дея уни йўлдан урди.

- Майли-ю, қандай олиб чиқамиз?

- Қулфини бузиб кирамиз. Карчерни Қўқонда пуллаймиз. Кечаси уйингга бораман. Ухлаб қолмагин. Уйдагиларга сездирмай кўчага чиқ.

Тун ярмида Шаҳобиддин жиянини қўл телефонида чақирди. Турдиали кўчага чиққач, Шаҳобиддиннинг велосипедида Бешариққа йўл олишди. Сирдарё кўчасининг автомобиль ювиш шохобчасининг дарвозасига қулф осилган, теварак-атроф кимсасиз эди.

- Ташқарида кўз-қулоқ бўлиб турасан, - дея Шаҳобиддин осма қулфни бузиб, ичкарига кирди. Ортидан Турдиали ҳам кириб борди. Карчерни велосипедга ортиб, ортга қайтишди. Карчерни Шаҳобиддиннинг қурилиши тугалланмаган уйига яширишди. Эртасига Шаҳобиддин Бешариққа бориб, нотаниш ҳайдовчи билан келишиб, “Дамас” машинасига Турдиали билан карчерни ортишди. Шаҳобиддин синфдоши Ҳошимжонга қўнғироқ қилди.

- Битта буюмни Қўқонда сотиб келайлик, - деди унга.

- Бўпти. Мен кийиниб, кўчага чиқиб тураман.

Қўқон шаҳрида ўғирланган асбобни сотишолмай, Данғара туманига йўл олишди. Йўл бўйидаги “автомойка” ишчиси бошлиғи билан гаплашиб чиққач, карчерни 350 минг сўмга сотишди. Шаҳобиддин 40 минг сўмни йўлкирага, юз минг сўмни Турдиалига берди. Қолганини ўзига олиб қолди-да, маишатга сарфлади.

Шаҳобиддин кўп ўтмай Турдиалини яна “овга” бошлади. Бешариқда сочини олдирган сартарошхонадаги телевизор эсига тушди. Жияни билан тун ярмида сартарошхона ойнасини синдириб, ичкарига кирди. Телевизор ва модемни велосипедга ортиб кетишди. Эртаси куни эрталаб нотаниш киракашнинг машинасида Қўқоннинг Янги бозорига элтиб, 750 минг сўмга пуллашди. Шаҳобиддин 40 минг сўмни йўлкирага, 150 минг сўмни жиянига берди, қолганини тағин маишатга сарфлади.

15 март куни кундузи Бешариқ шаҳарчасидаги синфдоши Ҳошимжонни учратиб қолди.

- Қоидани бузибман. Машинамни жарима майдончасига киргизиб қўйишди, жаримани тўлаб олиб чиққани пул керак, - деди у.

- Менга ҳам пул зарур. Тунаса бўладиган жойни биласанми?

- Таниш устанинг автомобилга техник хизмат кўрсатадиган устахонасидаги асбобларини олиб чиқиб сотамизми?

- Хўп, кечаси мактаб ёнида кўришамиз.

Шаҳобиддин тун ярмида бобоси ва бувисига сездирмай велосипедини миниб чиқиб кетди. Турдиалини мингаштириб, айтилган жойга етиб борди. Ҳошимжон уларни кутиб ўтирган экан. Автотеххизмат устахонасининг эшигидаги қулфни синдиришди. Устахонадаги электр движок, кемпинг аппарати, бир дона дрел ва икки дона болгарка асбобларини велосипедда тутзоргача ташиб олишди. Кейин қаровсиз қоровулхонага яшириб қўйишди. Эртаси куни движок билан кемпинг аппаратини киракаш “Дамас” машинасида Қўқондаги Янги бозорда нотаниш кишига “Россияга кетяпмиз, пул зарур бўлиб қолди”, дея 850 минг сўмга сотиб юборишди. Шаҳобиддин бу сафар Ҳошимжонга 100 минг сўм, Турдиалига 90 минг сўмлик “Нокия” телефони ва 100 минг сўм берди.

Сўнгги бор “уч оғайни ўғри”лар уйини қулфлаб, савдо ишлари билан пойтахтга жўнаган ҳамқишлоқлари Қ.Тоҳировнинг телевизорини ўғирлаб, Қўқон шаҳридаги бозорда арзон-гаров пуллаб юборишди.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Шаҳобиддин Шодиев, Турдиали Эргашев ҳамда Ҳошимжон Валиевлар қўлга олинди. Ўғирланган буюмлар топилиб, эгаларига тилхат орқали топширилди. Жабрланувчилар ўғирланган буюмлари қайтариб берилгани, фуқаровий даъвогарлар эса ўғирланганини билмасдан сотиб олганликлари туфайли ўзларига етказилган зарар судланувчилар томонидан қопланганини айтиб ўтишди. Суднинг ҳукми билан қулфбузар ўғриларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид