ИШИД билан кураш бўйича АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий қўлга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди, деб хабар бермоқда RT.

«Бу хабарлар, афсуски, ёлғон. Коалиция Абу Бакр ал-Бағдодий номи билан танилган террорчи ҳозир аниқ қаерда эканига оид маълумотга эга эмас. Шунга ишонишингиз мумкинки, агарда у қаерда экани маълум бўлганида, ўлдирилган ёки қамоққа олинган бўларди, ҳозирча унга ҳарбий жиноятларда айбловлар қўйилмаган. Нима бўлган тақдирда ҳам коалиция бу хабарни кенг оммага тақдим этган бўларди», - дея хабар беришди «Мустаҳкам қатъийлик» амалиёти қўмондонлигидан.

Аввалроқ Yeni Şafak турк нашри АҚШ ҳарбийлари ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийни қўлга олиб, уни АҚШнинг Суриядаги ҳарбий базаларидан бирига етказишгани ҳақида хабар тарқатди. Нашрнинг Суриядаги манбасининг иддао этишича, ал-Бағдодий Ироқда қўлга олиниб, сўнгра Рас-ал-Айндаги, у ердан эса Хасака-Румайландаги ҳарбий базага етказилган.