11:35 / 18.12.2017
56517

Ногоҳон ўчган шам. Мафтунанинг умри қисқа экан...

Фото: KUN.UZ

Инсон умрини ёниб турган шамга қиёслашади. Кимнинг шами узоқроқ ва яна кимнингдир шами қисқароқ ёнади. Бу ёғи эса Аллоҳнинг тақдирига ва ҳикматига боғлиқ ишдир.

Хабарингиз бор, KUN.UZ сайти орқали имкони борича хайрия акциялари уюштириб, бу орқали бемор юртдошларимизга холис ёрдам кўрсатишни мақсад қилганмиз. Ана шундай хайрия акциясига бағишланган мақола жорий йилнинг 1 декабрь куни “Хайрия акцияси: беморлик азобига бардош бераётган Мафтуна ёрдамга илҳақ” сарлавҳаси остида эълон қилинган эди. Унда ошқозон ичидаги безлари катталашгани туфайли азият чекаётган Мафтуна исмли қиз ҳақида гап боради. Қизнинг даволаниши учун у Ҳиндистонга бориб жарроҳлик операцияси ўтказиши керак эди. Бунинг учун эса яхшигина маблағ талаб этиларди.

Орадан кўп ўтмай, яъни 6 декабрь куни зарур маблағлар тўплангач, Мафтуна онаси ҳамроҳлигида даволаниш учун Ҳиндистонга учиб кетганди. Бунга бағишлаб, “Бардошли қиз тарихи: Мафтуна Ҳиндистонга даволаниш учун йўлга чиқди” сарлавҳали мақола ҳам эълон қилинганди.

Ҳиндистонга жўнаб кетган Maфтуна мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиб, оиласи бағрига қайтиб келди. Бу хушхабардан қувондик. Беихтиёр хайрли ишимиздан кўзларимизга ёш келди. Бироқ, бироз муддатдан сўнг, шумхабар келдики, танамиз музлаб кетди. Мафтуна оиласи даврасида бир муддат қувончли лаҳзаларга гувоҳ бўлди-ю, бу ёруғ оламни тарк этди. Яратганнинг ҳукмига ҳеч ким исён қилмайди. Бунга ҳаддимиз ҳам, кучимиз ҳам етмайди. Бир ҳақиқат бор:  "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи раджиун" - Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтгувчимиз. 

Мафтуна учун ташкил этилган хайрияда иштирок этганларга чексиз раҳмат. Барчангиздан Яратганнинг ўзи рози бўлсин! Бир мурғак қалбга озгина бўлса ҳам қувонч ҳадя эта олган бўлсак, Ўзига шукр. Яна бир гап. Атрофингизда мана шундай кўмакка муҳтожлар бор. Имконимиз бор экан, кеч бўлмасдан улгириб қолайлик.

Сайтимиз номидан ҳам Мафтунанинг онаси, бобоси ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб қоламиз.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top