Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деган тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Шу ўринда импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, дейилади Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати томонидан KUN.UZ’га тақдим этилган мақолада.

Хусусан, ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини ошириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида, 2017 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3351-сон қарори қабул қилинганди.

Қарорга асосан:

  • 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб, хизматларни (ишларни) экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати (120 кун) белгиланган;
  • тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредетив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз экспорт қилиш ҳуқуқи берилган;
  • ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлиги белгиланган;
  • республика божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиш ва шу билан бирга «вақтинча олиб кириш» божхона режимидаги товарларни қайта экспорт қилишга давлат божхона хизматлари органлари томонидан рухсатнома бериш талаблари бекор қилинган;
  • 2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни, ишлар ва хизматларни экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилган;
  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тезлаштириш, божхона расмийлаштириш жараёнида ахборот технологиялари самарадорлигини ошириш мақсадида, сертификатлаш ва рухсат берувчи органлар зиммасига рухсат берувчи ҳужжат маълумотларини «Ягона дарча» унификациялаштирилган ахборот тизимига ўз вақтида тўлиқ киритилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.

Барчамизга маълумки, мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талаб дунё бозорларида ҳеч қачон сусаймаган.