Қишнинг совуқ кунлари келиши билан хонадонларда электр энергиясига бўлган талаб ошиши туфайли энергетика таъминоти соҳасида муаммолар бошланади.

Сўнгги кунларда Kun.uz таҳририятига электр энергиясидаги узилишлар бўйича мурожаатлар келиб тушиши кескин кўпайган. Бу ҳолат айниқса, водий вилоятларида оғирроқ экани кўринмоқда.

«Қишлоғимизга куннинг 10 соати давомида электр беришмаяпти. Бу ҳолат қачонгача давом этади?»,- дейди таҳририятга арз қилганлардан бири.

Таҳририят шундай ҳолатлар бўйича - Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг электр тармоқлари корхоналари мутасаддиларига алоқага чиқди.

Фарғона вилояти ҳудудий электр тармоқлари раҳбарининг билдиришича, вилоятнинг бир кунлик истеъмоли эркин тарзда 17 млн киловатт/соатдан зиёд бўлиб, айни пайтда марказий энерготизимда электр қуввати пасайгани сабабли 20 фоиз чеклашлар рўй бермоқда. 16 декабрь куни истеъмолчиларга 15 млн киловатт/соатдан кўпроқ энергия етказиб берилган. Фарғонада қўшни вилоятларга қараганда аҳвол бирмунча яхши. Сабаби, ҳудудда сарфланадиган электрнинг 10 фоизини вилоятдаги «Қиргули» иссиқлик энергияси станцияси ишлаб чиқаради. Мутасаддидан «Марказий энерготизимдаги қувват камлиги» сабаби нимадалиги сўралди. «Ёқилғи камлиги учун шундай муаммолар юзага келяпти», дея жавоб берди у.

Андижон вилоятида октябрь ва ноябрь ойлари давомида аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси узилишларсиз берилаётган эди. Бироқ декабрь ойининг ўнинчи санасидан сўнг ҳолат салбий томонга ўзгарди. Вилоят ҳудудларида кунига 10 соатгача чекловлар бўлмоқда. Вилоятнинг кунлик истеъмол миқдори 12 млн. киловатт/соатдан зиёд.

Вилоятнинг соҳа мутасаддиси ушбу муаммони  марказий энерготизимдаги Толимаржон, Навоий ва Ангрен электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларидаги блокларнинг таъмирланаётани боис қувват камайиб кетгани билан изоҳлади. «Электр энергияси таъминоти қачон изига тушади?», дея берилган саволга мутасаддининг жавоби қуйидагича бўлди: «19 декабрдан Қирғизистоннинг Тўхтагул ГЭСи Ўзбекистонга электр беришни бошлаши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, станциядаги иккинчи агрегатда таъмирлаш ишлари якунланиб қолган. Уч кун ичида вазият ижобий томонга ўзгаради».

Наманган вилоятида ҳам аҳвол яхши эмас. Мутасаддиларнинг айтишича, кунига 12,5 млн киловатт/соат энергия истеъмол қиладиган вилоят аҳолисига 8 млн киловатт/соат электр берилмоқда. Аммо, аҳоли вакиллари сўнгги ҳафта давомида Наманган шаҳрида электр токи бир соатдан берилиб, уч соатдан ўчганини билдиришди. Ушбу вилоятдаги энергетиклар ҳам Қирғизистондан берилиши кутилаётган электр энергияси вазиятни барқарорлаштиришини айтишди.