Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилади. Бу Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат матнини ЎзА эълон қилди.
Президент марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари асосида амалга ошириш тартибини жорий этишни тасдиқлади.
Ҳужжатда қуйидагилар белгилаб қўйилди:
ривожланиш давлат дастурларига киритилган, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш фақат Жамғарма орқали амалга оширилади;
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларда жамланади;
Жамғарманинг ижро этувчи органи ва маблағларининг тасарруф этувчиси Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳисобланади;
Жамғарманинг ижро этувчи директори ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати билан жалб этиладиган чет эл кредитлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан белгиланадиган бошқа манбалар.
















