21 декабрь куни Грузия собиқ президенти, Украинанинг Одесса области собиқ губернатори ва собиқ СССР маконида энг «жанжалкаш» сиёсатчи бўлган Михаил Саакашвили 50 ёшга тўлди. Киевдаги Тарас Шевченко халқаро муносабатлар институти битирувчиси, ғарбдаги қатор таълим муассасаларида таҳсил олган (жумладан АҚШ Давлат департаменти стипендияси ёрдамида Колумбия университетида ҳам) Саакашвили Грузияга 1995 йилда қайтиб келди ҳамда ватанидаги сиёсий ҳаётга дарҳол киришиб кетди. У ҳукуматга ижобий кайфиятда бўлган депутатликдан бошлади, бироқ 2003 йилга келиб ўша ҳукуматни тўнтариб ташлаган «Атиргуллар инқилоби» етакчисига айланди. Саакашвили Грузия президенти лавозимида мамлакатда Европа тартибларини жорий этишга бўлган уриниши ва Жанубий Осетиядаги ҳарбий можаро билан ёдда қолди.
У айнан шу асосда ўзига МДҲ ҳудудидаги «Кремлнинг бош душмани» имижини яратишни бошлади. Бу имиж Саакашвилига бугун ҳам ёрдам бермоқда – Украинада «Евромайдан»дан сўнг. Президент Пётр Порошенко билан яхши муносабатларини узиб ташлаб, грузиялик «жанжалкаш» сиёсатчи аввалгидан ҳам эркинроқ ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Ҳозирча унинг Украинадаги бош мухолифатчига айланиш, шу орқали янги майданни чақириш ва ҳокимиятни тебратишга бўлган ҳаракати нафақат ёрқин, балки муваффақиятли ҳам кўриниш ҳосил қилмоқда.

Грузия президенти Михаил Саакашвили Батумида Ажария раҳбари Аслан Абашидзе билан музокаралардан сўнг, 2004 йил

Грузия президенти Михаил Саакашвили ва АҚШ президенти Жорж Буш Тбилисидаги Озодлик майдонида, 2005 йил

Мухолиф сиёсатчи Михаил Саакашвили Атиргуллар инқилоби вақтида Тбилисидаги Грузия парламенти биноси ёнида, 2003 йилнинг 22 ноябрь куни































