Бугун, 22 декабрь куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис ва ҳукумат аъзолари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистоннинг 33 мамлакатдаги дипломатлари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилди.

«Давлат раҳбари таъкидлаганидек, кўплаб тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.

Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент матбуот хизмати мурожаатномадаги асосий жиҳатларни келтирган.

2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу келаси йил қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Миллий валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошлади. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди.