Фан-техника | 17:30 / 24.12.2017
18355
2 дақиқада ўқилади

Сноуден кузатувдан ҳимояловчи иловани намойиш этди (видео)

Фото: Reuters

Америка махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден янги Haven мобил иловасини намойиш қилди. Ушбу илова фойдаланувчиларга уй-жой ва мол-мулк даҳлсизлигини кузатиш имконини беради. Бу ҳақида Freedom of the Press Foundation лойиҳаси ҳаммуаллифи ҳисобланган ташкилот сайтида хабар берилди.

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик тизими журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун фойдали бўлиши мумкин. Илова қўриқланаётган майдонга - масалан, меҳмонхона номерига эгаси йўқлигида бегоналар киришга уринса, фойдаланувчи ташвиш сигналини олишига имкон беради. 

Илова қўриқланувчи уйда мавжуд оддий смартфондаги датчиклар — фотокамера, микрофон, гироскоп, акселерометр, ёруғлик сенсоридан фойдаланиб, атроф-муҳитдаги ўзгаришларни кузатади, шунингдек тизимга уланиш ҳаракатини қайд қилади.  

Шубҳали фаоллик қайд этилган ҳолатларда смартфон эгасининг телефонига шифрланган хабар йўлланади; шу вақтдан бошлаб кузатув тизимига уланган киши Tor Onion хизмати орқали масофадан кузатувни амалга ошириши мумкин бўлади. 

Таъкидланишича, илова мутлақо бепул ва очиқ чиқиш кодига эга. Ҳозирда у бета-тест жараёнидан ўтмоқда. Ишлаб чиқарувчилар синовчилар, дастурчилар ва ҳамкорларни лойиҳага қўшилишга чақиришмоқда. 

Мавзуга оид