Олимларнинг бу хулосалари дўконга пишлоқ учун югуришга мажбур қилади ёки аксинча, иштаҳани бузади. "Лайфхакер" пишлоқ таркиби, унинг фойдаси ва зарарига доир мақоласини тақдим этди.
Пишлоқнинг фойдаси
Кучли қилади
100 грамм пишлоқда 25 грамм оқсил бўлади, улар эса, мушаклар учун "қурилиш материали" ҳисобланади, иммунитетни оширади, ўсиш, ривожланиш ва ҳужайраларнинг қайта тикланиш жараёнларида иштирок этади. Шунинг учун мушак массаси тўплашни ният қилган кишилар кўпроқ оқсил истеъмол қилишга ҳаракат қилишади.
Суякларни мустаҳкамлайди
Организмдаги кальцийнинг тахминан 99 фоизи суяклар ва тишларда сақланади. Қолган 1 фоизи эса - қон ва тўқималарда. Агар қонда кальций етишмаса, организм уни суяклардан олади. Бундай "кредит" узоқ давом эта олмайди: суяклар мўртлашади, остеопорознинг ривожланиш хавфи ошади.
Шунинг учун рационга кальцийга бой маҳсулотлар, шу жумладан, пишлоқни киритиш муҳим. 100 грамм пишлоқ кальций истеъмолининг кундалик нормасини таъминлай олади: унда бу макроэлемент - тахминан 1000 миллиграмм. Аниқ миқдор навга боғлиқ. Қаттиқ ва ярим қаттиқ навларда, масалан, пармезан, чеддер ва гаудда кальций кўпроқ.

Бундан ташқари, пишлоқ — D витаминига эга кам сонли маҳсулотлардан бири. Хусусан, у кальцийни яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беради. D витамини одатда инсон организмида қуёш нурлари таъсири остида синтезланади. Шу боис қишнинг булутли кунларида унинг қўшимча манбаларини топиш жуда муҳим.
Қувват бахш этади
Пишлоқда эритроцитлар шаклланишида қатнашувчи B12 витамини мавжуд. Бу қизил қон таначалари тўқималар ва органларга кислород етказиб беради. Шундай экан, агар инсонга B12 витамини етишмаса, ҳужайраларда кислород етишмовчилиги кузатилади, бу эса ҳолсизланиш, паришонхотирлик ва нафас олиш билан боғлиқ муаммоларга олиб келади. Демак, эркин нафас олиш учун пишлоқ истеъмол қилиш керак экан.
Бундан ташқари, пишлоқ анчагина калорияли маҳсулот (ўртача 100 грамм пишлоққа 300-400 ккал), бу эса унинг анчагача тўқ тутиши ва қувват бахш этиши мумкинлигидан далолат беради.


















