Президент ғазабига йўлиққан «Острогорский» ҳақида маълумотлар берилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизимидаги собиқ вазир ва собиқ бошқарма бошлиғининг иш услубини жиддий танқид қилган эди. Шундан сўнг президент ўз нутқида Острогорский деб кимни айтганига қизиқиш ортди, интернетда президент танқидига учраган ушбу шахс муҳокамаларга сабаб бўлди.
Кейинроқ маълум бўлишича, Президент бунда молия вазирлигининг давлат бюджети бош бошқармаси собиқ бошлиғи Элла Острогожскаяни назарда тутган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Элла Острогожская ҳақида айрим маълумотлар келтирилган мақолани эълон қилди.
Элла Острогожская аслида ким бўлган?
Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларда Элла Острогожскаянинг ақл бовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлари ва унинг чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди ҳақида баён этилган. Шунингдек, унинг чет давлатларда мулклари борлиги ва бошқа мамлакат фуқаролигига ҳам эга экани қайд этилган.
Бизда бу фактларни тасдиқловчи маълумотлар йўқ. Қўлимиздаги расмий маълумотлар эса қуйидагича:
Э. Острогожская кўп йиллар молия вазирлигининг давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида мамлакатимиз иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказган. Ўзини хон, кўланкасини майдон, деб ҳисоблаган бу амалдор бюджет профицити кўрсаткичларини сохталаштириш, бу орқали эса сохта обрў-эътибор қозонишга ҳаракат қилган.
Ҳар йили ҳисобот йилининг 15 декабридан бошлаб бюджет ташкилотлари бўйича барча турдаги харажатларни, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарурий тўловларни сунъий тўхтатиб қўйган. Собиқ вазир билан тил бириктириб, давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган.
Оқибатда ҳудудларнинг режадан ошириб бажарган даромадлари республика бюджетига мажбуран олиб қўйилган. Уларнинг устидан ҳукм ўтказиб, бош эгиб келмагунча эркин маблағлар қолдиғи уларнинг ихтиёрига қайтариб берилмаган.
Вазият шу даражагача етиб борганки, Э. Острогожская собиқ вазир ва ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатган.
Биргина мисол: ҳудудларнинг молиявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган вазир ўринбосарларидан бирини дастлаб жамғармага, кейинчалик энг қуйи бўғинга ишга юборган.
Бугунги кунда ҳақиқат қарор топиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур шахс муносиб лавозимга тайинланди.
Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаган.
Шу ўринда бир факт: 2016 йилги давлат бюджетида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун бор-йўғи 483 сўм кўзда тутилган. Мамлакатимиз бўйича дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 229 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу рақамларни таққослаш учун 2018 йилги давлат бюджети параметрларида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 5 минг сўм ёки дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 915 миллиард сўм (4 баравар кўп) режалаштирилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. Энди тасаввур қилинг, тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 483 сўм белгилаган бу «жонкуярлар» наҳотки кетадиган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олмаган бўлса?
Битта шприц ёки бинт ҳам бундан қиммат-ку?!
Техника харажатлари, шифокорнинг бир кунлик меҳнатини ким қоплайди?!
Аслида тез тиббий ёрдамга чақирилган шифокорларнинг кўзингизга қараб туришига, жамиятимизда коррупцияга йўл очган шахслар шулар эмасмикан?!
Бу ҳали бир соҳанинг бир йўналиши. Энди қолганларини ўзингиз тасаввур қилаверинг!
Мавзуга оид
16:43 / 21.02.2023
Ўзбекистонда ходимларнинг 28 фоизи 1 млн сўмгача маош олади
20:14 / 22.11.2022
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 26 млрд доллар атрофида сақланиб қолди
11:51 / 22.11.2022
“Битта вазирлик ҳамма вазирлик устидан қўриқчи бўлиб тургани билан иш битмайди” — Тимур Ишметов вазирликлар бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаши ҳақида
15:14 / 21.11.2022