БМТдаги чиқишлар

22 cентябр куни Ню Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг юқори даражадаги умумий мунозаралари бошланди. 6 иш куни давом этадиган мунозаралар келаси душанба куни якунланади.

Биринчи кун икки хил дунёқарашлар тўқнашуви билан эсда қолди. Антониу Гутерриш БМТ Бош котиби сифатида Ассамблеядаги сўнгги нутқини қилди. У сўнгги йилларда дунёдаги ёриқлар жарларга айланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, супер давлатлар хавфсизликни кафолатлаш ёки дунё муаммоларини ҳал қилиш учун етарлича қудратга якка ўзи эга эмас.

У Исроил номини тилга олмасдан, Ғазодаги вазиятни ўз фаолиятида кўрмаган миқёсдаги қирғин ва вайронагарчилик деб атади. Шунингдек, Ғарбий соҳилдаги зўравонлик ва кўчманчилар экспансияси икки давлат ечимини йўққа чиқараётганидан огоҳлантирди.

Бразилия президенти Лула да Силвага кўра, БМТнинг обрўси Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқидан фойдаланиши ва геосиёсий кескинлик туфайли заифлашган.

Мезбон давлат сифатида чиқиш қилган АҚШ президенти Доналд Трамп эса узоқроқ гапирди. У Эрон билан келишув тузиш ёки уни бутунлай йўқ қилиш ўртасида қарор қабул қилаётганини айтди. У сунъий интеллектни глобал тартибга солиш ғоясини рад этди. Трамп Куба ҳукумати яқинда қулашини башорат қилди ва Халқаро жиноят судига аъзо давлатларни ундан чиқишга чақирди. Шунингдек, у сунъий интеллектни «суперинтеллект» деб қайта номлади ва наркокартелларни ИШИД билан қиёслади.

Трамп Кубага босим кампанияси ҳақида гапирганда Куба делегацияси зални тарк этди. Нутқдан сўнг у АҚШ расмийлари Ассамблея четида Эрон вакиллари билан уч соатлик «жуда яхши» учрашув ўтказганини маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нутқи марказига Фаластин масаласини қўйди. У халқаро ҳамжамиятни Ғазо бўйича қатъийроқ ҳаракат қилишга, Фаластин давлатини тан олишга чақирди. Унинг нутқи пайтида Исроил делегацияси зални тарк этди.

Франция президенти ўлароқ БМТдаги сўнгги нутқини сўзлаган Эммануэл Макрон дунё танлов олдида турганини айтди: ё «ўрмон қонуни»га қайтиш, ё цивилизациялашган халқаро жамиятда яшаш. У Россия ва Украина энергетика, фуқаролик инфратузилмасига зарба беришдан ўзаро воз кечишини қўллаб-қувватлади. Трамп глобал сунъий интеллект регуляциясини рад этган бўлса, Макрон давлатларни Хитой ва АҚШдан мустақил бўлган – очиқ кодли илғор сунъий интеллект моделини биргаликда яратишга чақирди.