Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
«Сўнгги йилларда ҳудудда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилаётган қулай шароитлар саноат тармоқларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маросимда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Хусусан, пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизими, мебелсозлик ва чарм-пойабзал саноат зоналари, электр автобуслар, қуёш панеллари ва микрогидроэнергетика ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, замонавий таълим ва тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Янги лойиҳалар доирасида замонавий турар жой мажмуалари, халқаро логистика ва туризм марказлари, гидроэлектр станцияси, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси, транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларус, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланади.
























