Гарчи 2017 йил тугашига саноқли кунлар қолган бўлса-да, йўлсозлар учун тугаётган йилнинг якунларига назар ташлаб, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, шу билан кейинги вазифаларни белгилаб олиш муҳим. Якунига етаётган 2017 йил соҳа учун қандай натижалар билан ёдда қолади? — деб ёзади Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати
Аввало таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралда қабул қилинган «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан бир қаторда «2017–2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари соҳанинг кейинги ривожи учун дастуриламал бўлиб хизмат қилди.

Шу ўринда ўтаётган бир йил давомида эришилган натижаларга аниқ мисоллар ёрдамида мурожаат қилсак. Демак...
2017 йилда 6.513,5 км.дан ортиқ умумий фойдаланишдаги ва минтақавий автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ўтган 2016 йилга нисбатан 156,0 фоизни ташкил қилади. Жумладан:
Инвестиция дастури бўйича:
Инвестиция дастури асосида 260 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди.

Таъмирлаш дастури бўйича:
Халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги 175,5 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари капитал таъмирланди.
Минтақавий (ички) йўлларни таъмирлаш бўйича:
3.228 км дан ортиқ минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди. Шуни айтиш лозимки, Президент қарори бўйича жорий йилда 2.700 км ички йўллар таъмирланиши кўзда тутилган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича 119,6 фоизлик натижага эришилди.

















