«Трибуна» «Боксинг дей» ҳафтасидаги 21-тур ўйинларини сарҳисоб қилади. Тур учрашувлари ҳали якунланмади, лекин айни вақтда эса 22-тур бошланиб кетди.

Эдерсон Гвардиолани қутқарди

Фото: Премьер лига

Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си Хосеп Гвардиоланинг «Бавария»си рекордини такрорлаши мумкин бўлганди. Бунинг учун қаторасига 19-учрашувда ҳам ғалаба қозониш талаб этилганди. Аммо Англия чемпионатининг 21-турида «Манчестер Сити» тўхтатиб қолинди, «Кристал Пэлас»га қарши жуда қийин кечган учрашувда жамоа 0:0 ҳисоби билан кифояланишга мажбур бўлди.

Шу билан бирга «Манчестер Сити» мағлубиятсиз сериясини давом эттирди. Ушбу ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Стерлинг Заҳага ишлатган қўполлик туфайли «шаҳарликлар» жамоаси дарвозасига пенальти белгиланганди, аммо Миливоевичнинг зарбасини Эдерсон бартараф этди.

Қайд этиш керакки, «Манчестер Сити» учун бу дуранг натижа жуда қимматга тушди, ўйин бошида асосий ҳужумчи Габриел Жезус жароҳат олиб сафдан чиқди. Энди у 2 ой жамоага ёрдам бера олмади.

Фото: Twitter

Ўйиннинг охирги дақиқаларида эса жамоанинг асосий футболчиси Кевин де Брюйне оғир жароҳат олди. У ва унинг оёқларига ташланган Панчонни ҳам замбилда майдондан олиб чиқиб кетишди.

Фото: Twitter

Ҳозирча у қанча муддатга сафдан чиққани маълум эмас.

Майк Диннинг «совғаси»

Фото: BBC

2017 йилнинг охирги ўйинида «Арсенал» «Вест Бромвич» майдонидан ғалаба билан қайтиши мумкин эди, ўйиннинг 83-дақиқасида Алексис Санчес томонидан жарима нуқтасидан урилган гол бу ғалабани таъминлаши мумкин эди. Аммо ўйиннинг охирги дақиқасида Майк Дин меҳмонларни хафа қилди, у ҳимоячининг қўли тўпни топмаган, тўп ҳимоячининг қўлини топган вазиятда пенальти белгилади.