Сайёҳлик (туризм) соҳаси дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли тараққиёти эса, кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланиб бормоқда.

БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотида 2015 йилда дунё бўйича 1 миллиард 184 миллион сайёҳ қайд этилган бўлса, 2016 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 1 миллиард 235 миллионга яъни, 3.9 фоизга ошган. Саёҳатчиларга кўрсатилган экспорт хизматлари қиймати 2015 йилда қарийб 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил қилган. 2016–2017 йилларда ҳам бу рақамларда катта тафовутни кўриш мумкин.

Бундан кўриниб турибдики, сайёҳлик соҳаси бугунги куннинг энг муҳим иқтисодий соҳаларидан бирига айланди. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Туризмнинг самарадорлик даражаси қуйидаги рақамларда ўз аксини топган:

2015 йилда энг кўп хорижлик меҳмонларни қабул қилишда Франция (83,7 миллион), АҚШ (74,8 миллион), Испания (65,0 миллион), Хитой (55,6 миллион) ва Италия (48,6 миллион) кучли бешликда туришибди. Германия, Буюк Британия, Россия ва Мексика кучли ўнталикдан жой олган. Бироқ бу кўрсаткич бўйича Европа ва Осиёнинг бир нечта шаҳарлари етакчилик қилмоқда. Бунга мисол қилиб Ҳонгконг (27,7 миллион), Лондон (17,4 миллион), Сингапур (17,1 миллион), Бангкок (16,2 миллион) ва Париж (15,0 миллион) сингари шаҳарларни келтириш мумкин.

150-ўрин Ўзбекистон учун асло хос эмас

Афсуски, Ўзбекистон бу соҳада ҳали анча орқада эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар бўйича кенгаши (БТСК) томонидан берилган баҳога кўра, Ўзбекистон сайёҳлар ташрифи бўйича дунё мамлакатлари орасида 150-ўринни эгаллайди.

Юртимиз жаҳон сайёҳлик бозорида ўз ўрнига эга бўлишига қарамасдан, туристларга қулай шароит яратиш, сервис хизматини яхшилаш, сайёҳлик обидаларининг жозибадорлигини ошириш ва рекламани кучайтириш даражаси жуда паст. Шунинг учун бу борада сезиларли ўсиш ҳақида фикр юритиш ана шу омилларга боғлиқ.

Туризм бўйича рақобатбардош мамлакатлар рейтингида дунёдаги (маданий захиралар, арзон инфратузилма, сайёҳлик маҳсулотлари нархи, хавфсизлик даражаси, халқаро шаффофлик жиҳатидан) энг жозибадор 140 та сайёҳлик маскани қайд этилган бўлиб, ушбу рўйхатда Қозоғистон 85-ўрин, Қирғизистон 116-ўрин, Тожикистон 119-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг охирги ўринда турибди ва бу рейтингга киритилмаган.