Туркманистон ИИВ раҳбари президентдан сўнгги огоҳлантириш олди
Туркманистон ички ишлар вазири Искандар Муликовга сўнгги огоҳлантириш билан қатъий ҳайфсан берилди. Туркманистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Гурбангули Бердимуҳамедов бу ҳақдаги тегишли буйруқни 10 январь куни Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилиши давомида имзолаган.
Мамлакат ИИВ раҳбарига қатъий ҳайфсан «хизмат ваколатларини етарли даражада бажармаслик, кадрлар танлаш ва уларни жойлаштиришда йўл қўйган хатолари» учун берилди, дейилади хабарда.
Хабарларга кўра, Туркманистон ички ишлар вазири сўнгги пайтларда президент томонидан аёвсиз танқид қилинмоқда ва унинг ўзи ўтган йили истеъфога чиқишга бир неча марта уринган.
Ўтган йил давомида икки бора қатъий ҳайфсан олган 43 ёшли Искандар Муликов соғлиги ёмонлашганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, республиканинг собиқ бош прокурори Омонмурод Халлиев ўтган йилнинг май ойида Бердимуҳамедов томонидан ишдан олинганди. Ўшанда Муликов ҳам президентдан қатъий ҳайфсан олган. Турли хабарларга кўра, Халлиев ишдан бўшатилганидан сўнг куч маҳкамаларининг ўн нафар собиқ ходими билан бирга қамоққа олинган. Халлиевнинг кейинги тақдири ҳақида маълумотлар йўқ.
43 ёшли Искандар Муликов эса Туркманистон Ички ишлар вазирлигини 2009 йилнинг 29 май кунидан бери бошқармоқда. У бу лавозимга 34 ёшда тайинланиб, энг ёш ички ишлар вазирига айланган ва ўз лавозимини аввалги «ҳамкасблари»дан анча узоқ вақт давомида эгаллаб келмоқда.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
16:34 / 11.10.2024