Ўзбекистон | 15:30 / 12.01.2018
24525
2 дақиқада ўқилади

Энди давлат хизматига жойлашишда уч босқичли синов амалиёти қўлланади

Фото: KUN.UZ

Энди давлат хизматига жойлашишда уч босқичли синов амалиёти ўтказилади. Бу биринчидан - тест синовлари, иккинчидан - ёзма имтиҳон, учинчидан - суҳбат. Бундай амалиёт давлат хизматига ишга олинаётган номзоднинг хусусиятларини тўлиқ кашф этиб, унинг рақобатбардошлигини аниқлаш имконини беради. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари З.Умаровнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Умаровнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда 40 дан ортиқ илғор мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилган ва барча зарур жиҳатлар инобатга олинган.

Шунингдек, вазирлик томонидан "Давлат хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар  тўғрисида"ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда давлат хизматчилари фаолиятининг натижавийлиги ва самарадорлиги, шунингдек оғир шароитларда меҳнат қилаётганлар учун қўшимча тўловлар, устама ҳақлар тўланиши кўзда тутилмоқда.

Давлат хизматчиларининг махсус режимига алоҳида эътибор қаратиш қонунчилигимизда янгиликдир. Энди давлат хизматчилари белгиланган вақтдаги ишчи соатидан ортиқ меҳнат қилган тақдирда, уларга тегишли компенсациялар тақдим этилади. Асосий компенсация - қўшимча меҳнат таътили бўлиб, у уч кундан кам бўлмаган қўшимча таътилни ўз ичига олган бўлади.

Мавзуга оид