2018 йил 1 январь ҳолатига республикада хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган жами 5517 та корхона мавжуд бўлиб, улардан 3087 таси қўшма корхона, 2430 таси эса хорижий корхона ҳисобланади.
Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 3624 та (65,7 фоизи), Тошкент вилояти 583 та (10,6 фоиз) ва Самарқанд вилояти 280 та (5,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 51 та (0,9 фоиз), Қашқадарё вилояти 54 та (1,0 фоиз), Сурхондарё вилояти 57 та (1,0 фоиз) ва Навоий вилояти 60 та (1,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.
2017 йил январь-декабрь ойлари якуни бўйича республикада жами 863 та хорижий капитал иштирокидаги корхона ташкил этилган бўлиб, шулардан асосий қисми Тошкент шаҳрида 535 та, Тошкент вилоятида 88 та ва Самарқанд вилоятида 56 та ташкил этилган. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар энг кам ташкил этган вилоятлар қаторига Навоий вилояти (3 та), Қашқадарё вилояти (6 та) ҳамда Сурхондарё вилоятини (9 та) киритиш мумкин.
Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари кесимида ушбу маълумотларни 2018 йил 1 январь ҳолатига кўрсак энг кўп саноатда 2438 та (44,2 фоизни), савдода 1055 та (19,1 фоизни), бошқа турларида эса 993 та (18,0 фоизни) ташкил қилган, энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 74 та (1,3 фоизни), ахборот ва алоқада 126 та (2,3 фоизни), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 159 та (2,9 фоизни), ташиш ва сақлашда 161 та (2,9 фоизни), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 220 та (4,0 фоизни) ҳамда қурилишда 291 та (5,3 фоизни) ташкил қилган.
Шундан кўриниб турибдики, фаолият юритадиган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўгри келади. Шунингдек, энг кам улуши эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади.
Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўрадиган бўлсак, асосан саноатда 414 та, савдода 136 та, қурилишда 68 та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 51 та ва бошқа фаолият турларида 194 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар янги ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикасида жами фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги 5517 та корхоналарнинг 70,8 фоизи (3905 та) узоқ хорижий давлатлар ҳиссасига, 29,2 фоизи (1612 та) эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (кейинги ўринларда МДҲ давлатлари) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.








