2020 йилгача бўлган 10 йил давомида хусусийлаштиришдан тушган маблағлар 1,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2020–2025 йилларда ушбу кўрсаткич 77,6 трлн сўмга етди, дея хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати.
Хусусан, «сот ёки тушунтир» тамойили асосида 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга қисқартирилган. Йирик ва стратегик активларни хусусийлаштириш орқали иқтисодиётга хусусий ва хорижий капитални жалб этиш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилган. Агентлик мисол тариқасида Coca-Cola Uzbekistan 252 млн долларга, Ипотека банк 324 млн долларга, Самарқанд автомобил заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи эса 80 млн долларга сотилганини келтирган.
Ер участкаларидан фойдаланиш ва уларни хусусийлаштириш соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилган. 2022–2025 йилларда мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида аукционларга чиқарилган ва реализация қилинган ер участкалари ҳажми қарийб 4 бараварга ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида 1,8 минг гектар ер участкаси реализация қилинган.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 млн объект савдога чиқарилган, шундан 1,2 млндан ортиғи реализация қилинган.
Ислоҳотларнинг кейинги босқичида иқтисодиётда нодавлат сектор улушини ошириш ва давлат иштирокини қисқартириш асосий йўналишлардан бири бўлиб қолиши айтиляпти. 2030 йилга қадар нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 бараварга қисқартириш режалаштирилган.









