Жаҳон | 09:00 / 14.01.2018
16498
2 дақиқада ўқилади

Африка давлатлари Трампдан узр сўрашни талаб қилишмоқда

Фото: Reuters

Африка давлатлари АҚШ президенти Дональд Трампдан жорий ҳафтада АҚШ конгресси аъзолари билан ёпиқ учрашувда “қора” қитъа давлатлари номига айтган қўпол сўзлари учун узр сўрашни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда БМТдаги Африка давлатлари гуруҳининг қўшма баёнотида айтилган.

Ҳужжатда Африка давлатлари “АҚШ президенти айтгани таъкидланаётган куракда турмайдиган, ирқий ва ксенофоб сўзлардан жуда ларзага келганлари ва уларни қатъий қоралашлари” ҳамда Трампдан “айтган сўзларидан қайтишни ва узр сўрашни” талаб қилишаётгани айтилган. Африка давлатлари АҚШ маъмуриятининг “Африка қитъаси ва турфа рангдаги аҳолини ёмонотлиқ қилиш”га интилишидан ташвиш билдиришмоқда. Улар Трампнинг сўзларини қоралаган америкалик фуқароларга миннатдорлик билдиришган ва Трамп камситган Ҳаити ва бошқа давлатлар билан бирдам эканликларини айтишган.

Трампнинг дунё ҳамжамиятининг кескин муносабатига сабаб бўлган сўзлари унинг Оқ уйда конгрессменлар билан учрашуви давомида янграган. Бу ҳақда учрашувда иштирок этганларга иқтибос келтирган ҳолда CNN хабар берган. CNN маълумотларига кўра, сенатор-демократ Дик Дурбин иммиграция муаммосини муҳокама қилиш вақтида Ҳаитини эслаганда, Трамп нима учун кимдир АҚШга Ҳаити ва Африка давлатлари каби “қаланғи-қасанғи давлатлар”дан муҳожирлар келишини исташини сўраган. У АҚШга Норвегия каби ривожланган давлатлардан одамлар келишига интилиш лозимлигини уқдирган. Кейинроқ Трамп бундай қўпол сўзларни ишлатмаганини таъкидлаган.  

Бироқ бир қатор давлатлар Трампнинг сўзларига кескин норозилик билдирган. Шунингдек, БМТ расмий шахслари ҳам бу сўзларни эътиборсиз қолдиришмаган: БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси расмий вакили Руперт Колвилл Трампнинг сўзларини гангитувчи, шармандали ва ирқчиликка йўғрилган деб атаган.

Мавзуга оид