АҚШ президенти Доналд Трамп Франция раҳбари Эмманюэл Макронни иммиграция сиёсати туфайли Франция «йўқ бўлиб кетиши» ҳақида огоҳлантирганини айтди.
«Мен Макронга президентлик лавозимига биринчи марта келганимда айтгандим — у билан эрта учрашгандим — унга „Сиз Францияни йўқ қиляпсиз. Сиз мамлакатингиздан нафратланадиган одамларнинг келишига рухсат беряпсиз“, дегандим. Бу муаммо тобора кучаймоқда, ҳозир ҳам авж олмоқда», — деди АҚШ президенти.
Трампнинг қўшимча қилишича, мигрантлар муаммосига нафақат Франция, балки Европанинг бошқа мамлакатлари ҳам дуч келган.
«Испанияга қаранг, бир ой олдин юз минглаб одамлар Испанияга ёпирилиб кирди. Мен „Оҳ, бу муаммога айланади“, дедим», — деб таъкидлади у.
Июл охирларида минглаб ноқонуний мигрантлар денгиз орқали Европа ҳудудига ўтиш учун Испаниянинг Сеута анклав шаҳрига кирганди.
«Муаммо келтириб чиқараётган одамлар Испаниядан ҳам, Франциядан ҳам, Италиядан ҳам нафратланишади, улар бу мамлакатлардан эмас. Улар бу халқларнинг санъатидан, биноларидан, Франция билан боғлиқ барча нарсадан нафратланади, бу халқдан нафратланади. Ва уларнинг келишига рухсат беришди», — дея хулоса қилди Трамп.
Европада сўнгги ойларда оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Умумий меҳнат конфедерацияси (CGT) маълумотларига кўра, Францияда 17 ва 24 октябр куни ўтказилган умуммиллий намойишларда 800 минг киши қатнашган. Франциядан ташқари, намойишлар тўлқини Италия, Бельгия, Испания ва Албанияни ҳам қамраб олди.
Трамп Европа мамлакатларининг миграция сиёсатини мунтазам танқид қилиб келади. Ўтган йили у ноқонуний миграцияни «даҳшатли босқин» ва «Европани ҳалок қилаётган» ҳодиса деб атаганди.
«Ўзингизни қўлга олганингиз маъқул, акс ҳолда Европангиз қолмайди», — деганди Трамп.

















