Ўзбекистон | 10:50 / 14.01.2018
32663
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси «кичик ҳаж» иборасига муносабат билдирди

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси 2018 йилги Давлат дастури лойиҳаси 102-бандига тузатиш киритиш бўйича ўз таклифини билдирди. Мусулмонлар идораси шарҳида шундай дейилади:

“2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг 102-бандида: “Мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларида ва улар атрофидаги объектларда тегишли инфратузилмани шакллантириш, амалга ошириладиган диний маросимлар учун тегишли шароитларни яратиш орқали зиёрат туризмини соҳанинг истиқболли йўналиши сифатида, шу жумладан, мусулмон давлатлари учун “Кичик ҳаж” зиёрат тизимини ривожлантириш”, каби вазифалар белгиланган. 

Ушбу бандда келтирилган “Кичик ҳаж” атамаси зиёрат туризмига нисбатан қўлланиши Ислом дини нуқтаи назаридан хато ҳисобланади. Маълумки, муборак ҳаж амали бу Ислом динимизнинг бешинчи аркони бўлиб, белгиланган муддатларда Маккаи мукаррамадаги Каъбаи муаззамани зиёрат қилиб, Арафот, Мино, Муздалифа водийларида маълум амалларни бажариш билан адо этиладиган улуғ ибодатдир. Ҳаж кунларидан бошқа вақтда Байтуллоҳнинг зиёрати учун боришни Умра ибодати, деб номланади. 

Ҳаж – муайян шартлари топилган кишига фарз бўлади. Умра эса бизнинг мазҳабимизда суннат амалдир. Шунга қиёсан Умра амали Ҳажга нисбатан “кичик ҳаж” деб номланиши одат тусини олган. Лекин булардан бошқа мўътабар масканлар, улуғ авлиёларнинг қадамжолари, осори атиқаларни зиёрат қилишни “Кичик ҳаж” деб номланиши шаръан нодурустдир. Қолаверса, бундай иборанинг қўлланиши бошқа Ислом динига эътиқод қилувчи давлатларда ҳам қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун бундай ишларни зиёрат туризми деб номланиши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шу нуқтаи назардан дастур лойиҳасидаги 102-бандни қуйидаги қисқартирилган таҳрирда ифодалаш таклифи тақдим этилади:

“Мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларида ва улар атрофидаги объектларда тегишли инфратузилмани шакллантириш, амалга ошириладиган диний маросимлар учун тегишли шароитларни яратиш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш”. Аллоҳ таоло олиб бораётган хайрли ишларингизда мададкор бўлсин. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси”, - дейилади изоҳда.  

Давлат дастури лойиҳасининг 102-бандига бошқа фуқаролар ҳам ўз фикрларини қолдиришган. Хусусан унда: 

"Кичик ҳаж" нима дегани? Бу иборани қўллаш нотўғри эканини диний уламолар наҳотки, тушунишмаётган ёки таклиф билдиришмаётган бўлса? Кичик ҳаж нотўғри ибора. Бунинг ўрнига шунчаки зиёрат ёки Ислом динига урғу бериш исталаётган бўлса, ҳалол туризм, исломий туризм каби ибораларни қўллаш керак, менимча”.

“Ислом динида ҳаж амали фақат Макка шаҳрига, Каъбатуллоҳга қилинади. Бошқа ҳеч бир жойга ҳаж қилинмайди. Агар Ўзбекистонга "Кичик ҳаж" учун келинглар дейилса, бу бошқа мусулмон давлатларида нотўғри тушунчани уйғотиши, салбий қабул қилиниши мумкин. Шунинг учун ҳам бу номни ўзгартириш керак. Унинг ўрнига "Исломий зиёрат" ёки шунга ўхшаш бошқа номни танлаш керак. "Ўзбекистонга кичик ҳаж қилиш" иборасини қўллаш эса "6 вақт намоз ўқиш", "2 ой рўза тутиш" деган ибораларни ишлатиш билан баробар. Бу мусулмон оламида қабул қилинмайдиган нарса. Диний идора раҳбарияти бунга ўз муносабатини билдириши керак. Буни вақтида тўғрилаб, ўзгартириш лозим. "Кичик ҳаж" иборасини ўзгартириш шарт”.

“1) "Кичик ҳаж" иборасини қўуллаш мутлақо хато! Унинг ўрнига "Исломий зиёрат" иборасини қўллашни қувватлайман! Чунки, "Кичик ҳаж" деганда мусулмонлар одатда Каъбатуллоҳга бориладиган умра зиёратини тушунишади. 2) Ўзбекистонга қилинадиган исломий зиёратлар жумласига Хива ва Қорақалпоғистондаги зиёратгоҳларни ҳам киритиш керак”, деган таклифлар ҳам илгари сурилган.

Мавзуга оид