Жаҳон | 15:40 / 15.01.2018
11772
2 дақиқада ўқилади

«АҚШ Сурия яхлитлигини сақлаб қолишдан манфаатдор эмас» - Россия

Фото: Reuters

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ҳар йилги матбуот анжуманида маълум қилишича, Вашингтон Сурия яхлитлигини сақлаб қолишдан манфаатдор эмас. 

«АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон, ундан аввалги Жон Керри каби, мени бир неча марта АҚШнинг Сурияда бўлишига, жумладан ердаги махсус топшириқли гуруҳга ягона сабаб террорчиларни, ИШИДни йўқ қилиш экани ҳақида ишонтирмоқчи бўлган. Бироқ ҳозирда, ҳаттоки ИШИД охирига қадар йўқ қилинмагани эътиборга олинса ҳам, биз кузатаётган бугунги хатти-ҳаракатлар шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ Сурия ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишдан манфаатдор эмас», - деди Лавров.

Унинг эътибор қаратишича, АҚШнинг янги ташаббуси – Сурия Демократик кучларига чегараолди хавфсизлиги зоналарини яратишда ёрдам кўрсатиш – Туркия ва Ироқ билан чегара бўйлаб ҳамда Фирот дарёсидан шарқдаги ҳудуднинг ажратилишини назарда тутади. Бу зона АҚШ бошчилигидаги гуруҳлар томонидан назорат қилиниши маълум қилинди. Лавровнинг сўзларига кўра, бу Сурияни парчалаб ташлашга қўйилган биринчи қадам бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳеч қандай резолюциялари ва Женева музокаралари давомида эришилган биронта келишув ҳам бундай ҳаракатлар учун замин яратмайди. Айни дамда Россия, Туркия ва Эрон Америка томонидан янги ташаббус бўйича тушунтириш берилишини кутаётгани айтилди.

Мавзуга оид