«Реал» чўкмоқда. Зидан кетиши керакми?
«Қироллик клуби» тез орада яна бош мураббийсиз қолиши мумкин.
13 январь куни Испания чемпионатининг 19-турида «Реал» «Вильярреал»га ютқазди. Бу мағлубият мадридликлар клуби учун Ла Лигада мавсумдаги тўртинчиси бўлди. Бундан ташқари, Зидан шогирдлари 6 учрашувда дуранг ўйнаган. Эндиликда «Реал» 19 турдан кейин 18 ўйиндан 32 очко олиб, тўртинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўриндаги «Барселона» билан орадаги фарқ эса 19 очкони ташкил қилмоқда. Шу билан бирга 18-ўриндаги «Депортиво» билан орадаги фарқ камроқ - 16 очко.
Зиданнинг хатолари
Барчасига мураббийнинг ўзи айбдор. У ёзда ўзига ҳаддан ташқари кўп ишониб юборди ва Хамес, Мората ҳамда Мариано Диасни қўйиб юбориб, фаолиятининг энг яхши дамлари ўтиб бўлган Бензема ва Роналдуга ишонч билдирди. У ишонч билдирган бошқа ёш футболчилар Себальос, Майорал ва Эрнандес етарлича ўйнатилмади. Зидан ишонч билдирган Бензема эса ярим мавсумни голсиз ўтказди ва энди лазаретга ётиб олди. Энди жамоа қишдаёқ юқори савияли марказий ҳужумчи сотиб олиши керак бўлмоқда. Агар жамоа шу темпда давом этса, кейинги турда «Депортиво» ҳам «Реал»ни енгиши мумкин.
Дель Боске ва Моуриньодан ортда
4 январь куни Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийлигига тайинланганига 2 йил тўлди. Франциялик мутахассис кейинги 30 йил ичида Мадрид жамоаси бошқарувида энг кўп вақт қола олган учинчи мураббий бўлиб турибди. Ундан яхшироқ кўрсаткич Висенте дель Боске (1999 йил ноябридан 2003 йил июнигача) ва Жозе Моуриньо (2010 йил майидан 2013 йил июнигача) бўлиб турибди. Зидан икки мавсумда икки марта Чемпионлар лигасида зафар қучди ва бу унинг узоқ вақт жамоа тепасида қолишини таъминлайдигандек кўринганди. Аммо айни вақтда жамоа жуда оғир вазиятга тушиб қолганидан келиб чиққан ҳолда, унинг кетиши яқин эканини тахмин қилиш мумкин ва натижада у ҳатто португалиялик ўтмишдошининг натижасига ҳам ета олмайди.
«Барселона»дан кўра «хавфли ҳудуд» яқинроқ
«Реал» секин-аста чўкиб бормоқда. Мадридликлар билан боғлиқ трансферлар оламидаги ҳеч бир миш-миш, на Икардининг 100 миллион еврога трансфер қилиниши, на Неймар 400 миллион еврога олиб келиниши мумкинлиги, жамоадаги қулашни ёпа олмайди. Гап «Барселона»дан 19 очко ортда қолишда ҳам эмас. «Вильярреал»га қарши охирги ўйини шуни кўрсатдики, «Реал» футболчиларининг кучи фақат бир бўлимга етмоқда. Агар илк 45 дақиқаликда гол уриб, ғалаба кафолатланмаса, мадридликлар очко йўқотиши тайин. Класикода ҳам шундай бўлганди. Жамоа биринчи бўлимда каталонияликлардан тўлиқ устунлик қилганди, аммо иккинчи бўлимда мадридликлар қўлларини туширишди ва якунда 0:3 ҳисоби қайд этилди. «Сельта» билан ўйинда ҳам шундай бўлди (2:2), Кубок доирасида «Нумансия»га қарши ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Бу ҳолат «сариқ субмариналар»га қарши ўйинда такрорланди - жамоа ўйин давомида тўла устунлик қилди, рақиб дарвозасига бир ўйинда кўп зарба бериш бўйича Примера рекорди ўрнатилди (28та) аммо ўйин мағлубият билан якунланди.
Барчасига футболчилар айбдорми?
Перес Зиданга ишонч билдиради. У бу мутахассисни ўтган икки мавсумдаги юқори натижалари учун кўкка кўтарган. Мадриддаги асосий нашр Marca шанба куни франциялик мураббийни қўллаб-қувватлаб бир неча мақолалар нашр этди (лекин одатда Мадридда ишдан бўшатишдан олдин сўкишмайди, мақтаб-мақтаб кузатишади). Якшанба куни эса нашр сайтида Мадриддаги инқирозга ким айбдорлиги хусусида сўровнома ўтказилди. 7,5 минг киши қатнашган сўров натижаларига кўра, 23 фоиз киши клуб раҳбариятини айбдор деб кўрсатган, 33 фоиз киши Зидандан норози, 44 фоиз киши эса барчасида футболчиларни айбдор деб билмоқда.
Охирги хабарларга кўра, жамоа президенти «Вильярреал»га қарши ўйин учун футболчилардан қаттиқ норози бўлмоқда ва уларни ёппасига сотиб юборишни истамоқда. Переснинг ғазабига учраганлар рўйхатидан Криштиану Роналду, Гарет Бэйл, Карим Бензема, Начо, Марсело, Кейлор Навас, Ҳакими, Лука Модрич ва Рафаэль Варан номлари ўрин олган.
Лекин футбол қоидаларига кўра эса мағлубиятлар учун футболчилар эмас, мураббий айбдор қилиниши керак. «Реал»нинг ҳозирги ёмон натижалари учун масъулиятни зиммасига олиши керак бўлган шахс - Зинедин Зидандир.
Крооснинг холислиги
Футболчилар вазиятни турлича изоҳлашмоқда. Марсело бир неча марта жамоа чўкаётгани ҳақида гапирди. Начо эса «гап куч етмаётганида эмаслиги, гап руҳий муаммоларда ҳам эмаслиги»ни айтиб, нималар бўлаётганини ўзи ҳам тушунмаётганини қўшимча қилди. Карвахаль ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди: «Бу қандайдир тўфон ва биз бундан чиқиб кета олмаяпмиз. Буни тушунтириш қийин». У шунингдек, жамоанинг муваффақиятсизликларида ҳакамларнинг хато қарорларини ҳам келтириб ўтди. Энг холис фикрни эса Тони Кроос айтди: «Энди биз «Барселона»га етиб олиш ҳақида эмас, биринчи навбатда ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб иш тутиш ҳақида ўйлашимиз керак. Қолган ўйинларда бор эътиборни кучли тўртликда қолишга ва кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритишга қаратишимиз керак».
Қаторасига икки марта Чемпионлар лигаси ғолиблигидан кейин «Реал» мавсум бошида иккита кубок олди - Европа Суперкубоги ва Испания Суперкубоги. Ўша вақтда ҳеч ким январда бундай ҳолат юзага келишини тахмин қилмасди. Кроос холис фикрламоқда. Агар жамоа шундай ўйин кўрсатишда давом этса, жамоанинг максимум вазифаси тўртинчи ўринда қолиш бўлиб қолади. Айни вақтда «Барселона»дан 19 очко, иккинчи ва учинчи ўринлардаги «Атлетико» ва «Валенсия»дан мос равишда 10 ва 8 очкога ортда қолиб кетган жамоани пастдан «Вильярреал» (1 очколик фарқ) ва «Севилья» (3 очколик фарқ) таъқиб этиб келмоқда.
Нега Бенитесга имкон берилмаган, Зиданга берилиши керак?
«Сантьяго Бернабеу»дагилар шанба кунги ўйиндан кейин Зидан ва унинг жамоасини давомли ҳуштакбозликлар билан кузатиб қўйишди. Гол бўлмаганида ва мағлубиятда ижрочиларнинг айби нақадар катта бўлмасин, ҳозирги муаммолар раҳбариятнинг қарорлари ортидан пайдо бўлган. Зиданнинг ўтмишдоши Рафаэль Бенитесни «Барселона»дан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлиш ва принципиал рақибдан 5 очкога ортда қолишни кечиришмаганди. Класикодаги йирик мағлубиятдан кейин Зидан ўз жойида қолди, кўк-анорранглилар билан орадаги фарқ эса 4 баробар йирик. «Реал» янги ҳужумчи билан бирга янги мураббий ҳам қидириши керак. Кўп эҳтимол билан, Мадрид жамоасининг кейинги мураббийи айни вақтда Германия терма жамоаси билан 2018 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Йоахим Лёв бўлади.
Мавзуга оид
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:52 / 27.10.2024