Ўзбекистон | 18:08 / 16.01.2018
11157
4 дақиқада ўқилади

Таниқли профессор Владислав Кузавков Ўзбекистонда кохлеар имплантация операцияларини ўтказди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Куни кеча республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан ташриф буюрган профессор, тиббиёт фанлари доктори Владислав Евгеньевич Кузавков билан ҳамкорликда кохлеар имплантация операциялари бўйича маҳорат дарслари ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Владислав Кузавков нафақат Россияда, балки бутун дунёда етакчи отохирурглардан ҳисобланиб, беш минг нафардан ортиқ эшитишида муаммоси бор болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказган. Ўзбекистонга ташрифи давомида профессор мамлакат мутахассислари билан ҳамкорликда 7 нафар бемор болада кохлеар имплантация операцияларини бажариб, 30 дан ортиқ беморларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 5,3 фоизи эшитиш қобилиятининг пасайганлигидан азият чекади. Дунё бўйича ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоқдан бири эшитиши пастлиги ёки мутлақ карлик билан туғилади. Бу кўрсаткич бир ёшга борганда 2-3 баравар ортади. Эшитиш заифлиги ирсий, туғма ёки орттирилган бўлиши мумкин. Афсуски, бундай болаларда иккиламчи нутқ ҳам шаклланмай қолади, улар жамиятда ўзларини ижтимоий чегараланган ҳис қилади. 

Маълумот учун, кохлеар имплантация операцияси болалардаги туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги хасталигини самарали даволайди. Ушбу амалиёт Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Бугунги кунгача марказда маҳаллий мутахассислар томонидан 360 нафардан ортиқ болаларда бюджет маблағлари ҳисобидан кохлеар имплантация операциялари муваффақиятли  ўтказилган бўлса, 70 нафардан ортиқ беморлар имтиёз асосида, ҳомийлар ва ота-оналар ҳисобидан операция қилинди. Имплантация қилинган болаларни мониторинг қилиш натижалари эса 90 фоиз ижобий. Яъни, уларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишмоқда.

Айтиб ўтиш жоиз, кохлеар имплантация операцияларининг ижобий натижаси амалиётдан кейинги реабилитацияга боғлиқ. Имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги реабилитация тадбирлари тўғри ўтказилмас экан, уларда эшитиш ва нутқ ривожланиши, ҳаётга мослашув жараёни суст боради. Шу боис, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги сурдопедагоглар кохлеар имплантация реабилитация босқичларини ўзлаштириш бўйича таҳсил олишди ва ҳозирда марказ билан ҳамкорликда фаолият олиб боришмоқда.   

2017 йилда марказ профессорлари — Ф. Иноятова, Д. Аҳмедова, Ш. Амоновлар айни шу масала — “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси (Ўзбек модели)” амалий тадқиқоти учун Биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди. 

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги 40 ўринга мўлжалланган махсус “Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари” бўлимида кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд. Бўлим замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, маҳаллий ёш шифокорлар Россия, Франция, Италия, Польша, Австрия, Украина, Словакия каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид