УХХ маълум қилишича, мазкур операция Украина президенти Володимир Зеленский томонидан 25 июн куни тасдиқланган бўлиб, унинг асосий мақсади Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятини изчил заифлаштириш орқали уни урушни тўхтатишга мажбурлашдан иборат бўлган.

Идоранинг билдиришича, ҳужумлар Россиянинг ҳарбий-саноат корхоналари, авиация базалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қўмондонлик пунктлари, ҳарбий-денгиз флоти кемалари, «соя флоти»га тегишли танкерлар, нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, транспорт ва ҳарбий логистика объектларига қаратилган.

УХХ маълумотларига кўра, операция давомида фронт чизиғида 21 мингдан ортиқ ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ҳарбий инфратузилма объектларига зарба берилган. Шунингдек, идора қарийб 5 минг нафар россиялик ҳарбий йўқ қилинганини даъво қилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, операциянинг асосий йўналишларидан бири Россиянинг ёнилғи-энергетика инфратузилмасига зарба бериш бўлган. Сўнгги 40 кун ичида 14 та нефтни қайта ишлаш заводи, ўнлаб нефт базалари, нефт сақлаш резервуарлари, нефт қувурлари насос станциялари, нефт терминаллари ва нефт қазиб олиш платформаси нишонга олинган.

Бундан ташқари, Blue, Louise 1, Banda ва Avero танкерлари, шунингдек, халқаро санкциялар остида бўлган икки юк кемасига ҳам зарбалар берилгани қайд этилган.

УХХ баёнотида мазкур 40 кунлик кампания Россиянинг ҳарбий машинаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларни бир вақтнинг ўзида заифлаштиришга қаратилгани таъкидланган. Идора бундай операциялар Россиянинг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини камайтириш мақсадида давом эттирилишини маълум қилган.

Шу билан бирга, УХХ раҳбарининг вазифасини бажарувчи генерал-майор Александр Поклад билан учрашувдан сўнг президент Володимир Зеленский Россияга қарши янги махсус операцияларни ўтказиш режасини ҳам маъқуллаган.

25 июн куни Володимир Зеленский Россияни урушни тўхтатишга ундаш мақсадида «тажовузкор давлатга босим ўтказиш операцияси» бошланганини эълон қилган эди. У бундан бир кун аввал Украина Россияни тинчликни танлашга мажбур қиладиган шароитларни яратишини билдирган.