Олдиндан айтиб қўяй: мен ҳар бирингиздан кўпроқ севаман, Ўзбекистонни! Мен яхши кўраман миллатимни! Яхши кўраман миллатдошимни! Яна айтиб қўяй, миллатчи ҳам эмасман! Ёзганларимни ўқиб, маломат қилишга ошиқманг! Дўппини олиб қўйиб, бир ўйланг: Биз киммиз ўзи?!

Тафсилотини билиб бўлдингиз — Қозоғистонда маҳаллий ҳайдовчилар бошқарувида бўлган, ичида 54 ўзбек бўлган автобус ёниб кетди. 52 киши ёниб ўлди. 5 киши тирик қолди — улардан иккиси ҳайдовчилар.

Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб келиш учун махсус самолёт юборди. Қозоғистонга махсус комиссия ҳам юборилди.

Бутун дунёдаги мамлакатлар зиёли инсонлар президентимизга, халқимизга ҳамдардлик билдириб турибди. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам жума намозларида шу фожиа қурбонлари учун Қуръон ўқилиб, дуолар қилинди.

Мен ҳам ўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қиламан. Албатта, жуда қайғурдим. Аммо кўнглимни бири-бирига терс ҳислар қамраб олди, фикрларим тинчлик бермай қўйди: эй, миллатдошлар, кўзингизни очинг, нималар бўлаяпти, бир ўйланг!

Эсланг, 2017 йил 8 октябрь. Россиянинг Владимир областида икки қозоғистонлик бошқараётган ва ичида 58 ўзбек кетаётган автобус темир йўл устида тўхтаб қолди ва 17 киши, икки ёш бола ҳалок бўлди.

Жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни Ўзбекистондан юборилган махсус самолёт Ўзбекистонга олиб кетди.

Ундан олдинроқ бўлган фожиани ҳам эсланг, 2017 йил 22 июнь. Қозоғистоннинг ўша Ақтўбе областида, ўша Самара–Чимкент трассасида Волгограддан келаётган, 52 ўзбек минган автобус ағдарилган ва 9 киши ҳалок бўлган эди. Ўлганлар — ўзбекистонликлар.

Нега узоқ сафарга чиққан автобусда бунча одам кўп, ҳар гал 57-58 киши? Улар қандай автобуски, неча кунлаб давом этадиган сафарга шунча одамни олиб чиқади?

Зўр автобуслар бўлса, темир йўл устида тўхтаб қолармиди? Зўр автобуслар бўлса, 54 ўзбекдан иккиси қочиб чиқиб, қолганлар ёниб кетармиди?

Ё бизнинг ўзбеклар темир йўлда тўхтаб қолган автобусдан поезд келгунча тушиб қоча олмайдиган ёки ёна бошлаган автобус ойнасини синдириб, ўзини ўлимдан олиб қоча олмайдиган даражадами?

Мен шунча одам ёниб кетгунча камида 5–10 киши автобусдан ўзини ташлаб қочмаслигига ишонмайман. Бу ерда бошқа гап бор, шекилли. Ё автобус портлатилган, ё ҳамма эшик ва ойналар очилмайдиган қилиб маҳкамлаб, кейин олов қўйилган!