Спорт | 10:53 / 24.01.2018
30787
2 дақиқада ўқилади

Равшан Ҳайдаров Жанубий Кореяга қарши учрашувдаги ғалаба сабабларини айтди

Фото: The-afc.com

Ўзбекистон U-23 терм а жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё чемпионатининг 1/2 финалидан ўрин олган Жанубий Кореяга қарши учрашувдан (4:1) сўнг ўйин борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугун шогирдларим қўлларидан келган барча ишни амалга оширишди. Бу ёшдаги терма жамоа тарихида энг яхши натижа қайд этдик. Футболчилар ўйин охирида чарчаб қолганига қарамасдан, бугун жисмоний ва тактик жиҳатдан рақибдан кучлироқ эдик. Жанубий Корея — жуда кучли рақиб. Буни ўйиндан олдин ҳам йигитларга тушунтиргандим.

Қўшимча иккита бўлимда ҳаракат қилиш бироз мураккабликлар туғдирди,  аммо шунга қарамасдан, футболчиларимиз характер кўрсата олишди ва индивидуал маҳоратлари эвазига натижа қайд этишди. Биз бугунги ғалабага кўпроқ муносиб эдик, деб ўйлайман. Бугун шогирдларимга раҳмат айтмоқчиман. Улар жуда мураккаб бўлган ўйинни ўтказишди. Учрашувни бошидан охирига қадар назорат қилдик, тўп назорати ҳам биз томонда бўлди. Терма жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз оиласи ва мухлислар учун ғалаба қозонди.

Рақибга нисбатан яхшироқ футбол кўрсатдик. Жанубий Корея терма жамоаси бир киши кам бўлиб қолганидан кейин қийналган бўлиши мумкин, лекин бу нарса баҳснинг боришини кескин ўзгартириб юборди, деб ўйламайман. Чунки футболчилар сони тенг вақтида ҳам ўйинни айнан биз назорат қилаётгандик», — дея Ҳайдаровнинг сўзларини келтиради ОФК расмий сайти.

Мавзуга оид