Ўзбекистон | 12:15 / 29.01.2018
48764
3 дақиқада ўқилади

«Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит!» - Татьяна Каримова биринчи президентнинг болалик йиллари ҳақида маълумот берди

Фото: IslomKarimov.uz

Ислом Каримов фонди Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбатни эълон қилди. Унда Татьяна Акбаровна Ислом Каримовнинг болалик йиллари ҳақида аввал номаълум бўлган баъзи маълумотларни тақдим этган.

“Ислом Абдуғаниевичнинг болалиги уруш ва урушдан кейинги оғир дамларга тўғри келди. Кичикликдаёқ пешона тери билан нон топиш нима эканини билдилар. Урушдан кейин барча машаққатли ҳаёт кечиргани маълум. Уларнинг ҳам оилалари эҳтиёжманд эди. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида яшаган оддий оила. Ислом Абдуғаниевич мактабга чиққан кезлари рус тилини билмас эдилар, аммо букилмас ирода, қатъият ва собитқадамлик боис мактабни олтин медалга битирдилар. У киши ёзган иншолар намуна ўлароқ бутун синфга ўқиб берилган экан. Кейинроқ синфдошлари тан олишича, Ислом Абдуғаниевичнинг иншоларидан олий ўқув юртига кириш имтиҳонида “шпаргалка” сифатида фойдаланишган. Шу тариқа оддий оилада вояга етган йигит мактабни муваффақиятли тамомлаб, тақдирига пешвоз чиқмоқ учун сафарга отланди. Ўша кезлар олтин медал ва олам-олам орзулар у кишининг бор-йўқ бисоти эди. Тақдир ҳукми билан киндик қони тўкилган она заминга мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бўлиб мангуга қайтдилар. 

Синфдошларидан бири Ислом Абдуғаниевичнинг шахсий маслагини ёрқин намоён этувчи, мактаб йилларига доир бир воқеани хотирлаган эди. Ёзги мева йиғим-терими пайти ёши улуғ бир киши болалардан келажакда ким бўлишлари ҳақида сўрайди. Кўпчилик учувчи, токар каби касбларни эгаллаш истагини билдиради. Ислом Абдуғаниевичнинг жавоби эса болаларни ҳам, катталарни ҳам ҳайрон қолдиради: “Мен Амир Темурга ўхшасам дейман!”
Мактаб йиллариданоқ Максим Горкий ҳикояси персонажи – ўз жонидан кечган, юрагини машъал каби ёқиб халқни қутқариб қолган Данко энг севимли адабий қаҳрамонлари бўлган. Унинг “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит!” деган шиори ёш Ислом Абдуғаниевичнинг юракларида муҳрланиб қолган. Бу кейинроқ Президентнинг ҳаётий маслагига айланди”.

 

Мавзуга оид