2018 йилнинг 31 январида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати коллегиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди, у амалга оширилган ишлар таҳлили ва Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилди.
Унда Олий Мажлис палаталарининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси президенти Девони вакиллари, ҳукумат аъзолари, Миллий хавфсизлик хизмати марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари юқори мансабдор шахслари иштирок этди.
Йиғилишда ҳар қандай давлатнинг асосий вазифаларидан бири инсон, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашдан иборат экани ва шундай бўлиб қолиши таъкидланди.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга катта ҳисса қўшди.
Шу билан бирга, йиғилишда объектив баҳолаш асосида Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг ҳудудий бошқармаларининг алоҳида бўлинмалари фаолияти танқид қилинди. Идоралараро ҳамкорликни ташкил этишда, тезкор ва тергов тадбирларини ўтказишда, шунингдек кадрлар билан ишлашда аниқ хато ҳамда камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари Миллий хавфсизлик хизматини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда қайта ислоҳ этиш зарурлигини таъкидлади. Махсус хизматларга хос бўлмаган вазифалар билан шуғулланадиган идораларнинг тугатилиши муҳимлиги таъкидланди, бу бир қатор ҳолатларда давлатнинг бошқа тузилмалари функцияларини ўзгартиришга, шунингдек, миллий хавфсизликнинг энг муҳим соҳаларида бўлинмаларни мустаҳкамлашга олиб келди.
Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясида кўзда тутилган кенг кўламли вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, Миллий хавфсизлик хизматининг яқин истиқболда устувор вазифалари мамлакат ривожланиши янги босқичида ҳаётнинг деярли барча соҳаларида вақт талабларига жавоб берадиган туб ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Президентнинг алоҳида таъкидлашича, давлат куч тузилмаларидан бири бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» принципи асосида амалга ошириши лозим.
Жорий йилда «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди, у Миллий хавфсизлик хизматининг асосий функциялари ва вазифаларини аниқлайди ва, энг муҳими, куч органларининг ваколатларини аниқ чегаралашга имкон беради.

















