Жамият | 11:23 / 02.02.2018
14937
3 дақиқада ўқилади

Жамғарма маблағи беҳисоб эмас

Фото: KUN.UZ

Баъзилар мансаб курсисига ўтиргач, ўзи бошқараётган корхона ёки ташкилотнинг ҳисоб рақамидаги маблағларни турли пуллар билан ўзлаштириш пайига тушиб қолади. Бироқ ўзига ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўмариш ҳар доим ҳам “муваффақиятли” кечавермайди. Зеро, ҳар қандай маблағ ҳисоб-китобсиз эмас.

Р.Сувонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2012 йил июнь ойидан 2015 йилнинг августига қадар Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, шу вақтнинг ўзида жамоатчилик асосида “Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш” жамғармаси раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. Р.Сувоновга жамоатчилик асосида ишлаш унчалик маъқул бўлмади. Гарчи, жамғарма раиси сифатида уззу кун ишлашига тўғри келмаса-да, иш ҳақи олишни кўнгли тусаб қолди ва ишга киришди. Натижада уч йил давомида 25 млн 107 минг 900 сўм иш ҳақи ва хизмат сафари пулларини олишга муваффақ бўлди. Албатта, бунга ҳисобчининг кўмагисиз эришиб бўлмайди. Ҳисобчи Д.Отаевнинг хизматлари ҳам “баҳосиз” қолмади. Унга жамғарма низомида белгиланганидан ортиқча пул ҳисобланиб, 18 млн 992 минг сўм ноқонуний тўланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Булар ҳолва, Р.Сувонов жамғарма ҳисобидаги маблағдан хоҳлаган мақсадларида фойдаланаверди. Айтайлик, ўзига тегишли фермер хўжалигига 2 млн 549 минг сўм, яна бир фермер хўжалигига 5 млн 300 минг сўм, шунингдек, таниши бўлган хусусий корхоналарнинг бирига 1 млн 630 минг сўм маблағни молиявий ёрдам тариқасида ўтказиб берди. Бировнинг ҳисобидан ҳотамтойлик қилиш ёқиб қолди шекилли, фуқаро О.Бакиев учун 8 млн сўм, Р.Салаев учун 6 млн 304 минг сўм, З.Аминов учун 1 млн 300 минг сўм, С.Шукуров учун эса 3 млн сўм пулларни намунавий уй-жой кредитлари тўловлари учун асоссиз ўтказиб берди.

Шунингдек, фаолияти давомида жамғарма низомида болалар спортини ривожлантириш мақсадида сарфланиши белгиланган 57 млн 905 минг сўм пул маблағини болалар спорти билан боғлиқ бўлмаган бошқа тадбирлар ўтказишга, транспорт харажатлари, хўжалик моллари, офис жиҳозлари ва бошқалар учун сарфлаб юборган.

Ҳисобингдаги пулни хоҳлаган нарсага ишлатиш мумкин, деб ўйлаган Р.Сувонов қаттиқ янглишди. Мансабдор шахс бўлсам, ким ҳам мушугимга пишт, дерди қабилида иш кўриши оқибатида тўғри йўлдан адашди. Ишидан, мансабидан айрилди. Суднинг қора курсисига ўтириб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид