Спорт | 10:25 / 07.02.2018
8414
2 дақиқада ўқилади

Пёнгчангдаги Олимпиада 1994 йилдан кейинги энг совуғи бўлиши мумкин 

Фото AFP

Жанубий Кореянинг Пёнгчангида ўтадиган 2018 йилги қишки Олимпиада Лиллехаммердаги 1994 йилги қишки Олимпиададан кейин энг совуғи бўлиши мумкин. Ўшанда Олимпиада очилиши маросими 12 даража совуқда ўтган.  

Шу кунларда Пёнгчангда совуқ ҳаво ҳукм сурмоқда, тунлари ҳаво ҳарорати 21 даража совуққача тушмоқда. 35 минг киши ташриф буюриши кутилаётган Олимпиада очилиши маросими маҳаллий вақт билан соат 20 да бошланади ва 3 соат давом этади.

Кўп давлатлар ўз спортчилари соғлиғидан хавотирланиб, уларга маросимга бормасликни тавсия қилишмоқда, томошабинлар эса ўз чипталарини қайтариб бермоқдалар.

Олимпиада ташкилотчилари баъзи томошабинлар очилиш маросимининг репетиция вақтида совуққа дош беролмай, трибуналарни барвақт тарк этганларини тан олишди.

Бироқ улар томошабинлар учун қулай бўлиши учун барча чораларни кўришга ваъда беришмоқда. Жумладан, очилиш маросимида томошабинларга совуқ ҳаво учун мўлжалланган махсус тўплам: адёллар ва қўллар учун кичик иситгичлар берилади.

Шунингдек, об-ҳаво шароити трамплиндан сакраш каби баъзи спорт турларининг ўтказилишига халақит қилиши мумкин. Олимпиада ташкилий қўмитаси кучли шамолга қарши ёрдам бериши керак бўлган махсус экранлар ўрнатмоқда. Бироқ шунга ҳам қарамай, ёмон об-ҳаво шароити “ўзиникини айтса”, спортчилар мусобақага қўйилмасликлари мумкин. Бунда мусобақалар ўтказилиши бўйича қарорни Халқаро Олимпия қўмитаси ва федерациялар қабул қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид