Ўзбекистон | 16:40 / 08.02.2018
13150
2 дақиқада ўқилади

Бошқа давлатларга йўл олган хорижликлар энди уч кунгача Ўзбекистонда қолиб саёҳат қилиши мумкин

Фото: Халқаро пресс клуб

Тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, Ўзбекистон аэропортлари орқали йилига 25-30 минггача Исроил фуқаролари транзит билан Осиё давлатларига ўтишган. Бироқ буларнинг атиги 2 минг нафари Ўзбекистонда қолиб, саёҳат қилган, дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Халқаро Пресс-клуб томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда. 

Юқорида келтирилган маълумот фақат бир давлат фуқаролари бўйича. Бундан ташқари яна қанчадан-қанча сайёҳларни шу тариқа "бой берамиз". Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу жуда катта бозорнинг йўқотилиши ҳисобланади. 

Сайёҳлар оқимини йўқотмаслик учун Президент «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. 

2018 йилнинг 1 майидан бошлаб чет эл фуқароларига қисқа муддатли транзит визалари бериладиган бўлди. Бундай визалар Ўзбекистонда тўхтаган йўловчилар қисқа муддатга аэропорт зонасидан чиқиб, тасдиқланган туристик дастурлар асосида назоратли танишув турини ўтказишини таъминлайди.

Хорижликлар энди бемалол Ўзбекистонда уч кунгача (72 соатгача) қолиб, саёҳат қилиши мумкин. Улар учун олдиндан тайёрланган автобус ёрдамида саёҳат ташкил қилинади. 

Вазирлар Маҳкамаси икки ой ичида ушбу янгиликни амалда жорий этиш бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда. Хусусан, фуқароларига шундай визалар бериладиган давлатлар рўйхати тузиб чиқилади. Бундай визалар олиши мумкин бўлган йўловчилар авиачипталарини кўрсатиши, шунингдек, улар учинчи давлатга визага эга бўлиши талаб этилади. Бундан ташқари, улар консуллик йиғимларини тўлаши керак.

Мазкур ҳужжат республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Мавзуга оид