Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги “ Охун бобо” жоме масжиди ўтган асрда қурилган бўлиб, вақт ўтиши билан замон талабларига мутлақо жавоб бермайдиган аҳволга келиб қолганди. Сўнгги йилларда Урганч шаҳрининг архитектура, шаҳарсозлик жиҳатдан тамомила қайтадан қурилаётгани жоме масжидини ҳам янгича, замонавий тарзда бунёд этишни талаб қиларди.



Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 28 январь куни Хоразм вилоятига амалий ташрифи давомида “Охун бобо” масжиди қурилишининг биринчи тамал тошини шахсан қўйиб, масжиднинг кўркам, барча талаб-эҳтиёжларга жавоб беришини кўзлаб, фикр-мулоҳазалар билдирган эди.



KUN.UZ’га берилган маълумотларга кўра, деярли бир йил муқаддам бошланган хайрли иш ниҳоясига етмоқда. Умумий майдони уч ярим гектарни эгаллаган масжид мажмуасида намозхонлар учун зарур бўлган барча шарт–шароитлар яратишни кўзда тутиб, уч ярим минг кишига мўлжалланган ёзги айвон, қабулхона, автотураргоҳ, ташқи манзаралари яшил майдонлар ташкил қилиняпти.





















