Ўзбекистон | 17:50 / 13.02.2018
13831
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» AITO’га аъзо бўлди

Фото: Sputnik Узбекистан

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Буюк Британия Мустақил сайёҳлик операторлари ассоциацияси (AITO) аъзоси бўлди. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, бу икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Британия сайёҳлик хизматлари бозорида оммалаштиришда муҳим қадамдир. Ушбу уюшма аъзолиги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бренди ва мамлакатнинг сайёҳлик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек Буюк Британиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Буюк Британия Мустақил сайёҳлик операторлари ассоциацияси (AITO) - ўз сафига 120га яқин ихтисослашган ва мустақил туроператорларни бирлаштирган Буюк Британиянинг туризм бўйича савдо гуруҳи ҳисобланиб, унинг аъзолари ноёб маданиятга, бой тарихга ва алоҳида табиий шароитларга эга бўлган мамлакатларнинг туристик маҳсулотини тақдим этиш борасида 170 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. AITO 1976 йилда ташкил топган бўлиб, унинг штаб-квартираси Лондоннинг жануби-ғарбидаги Твикенҳам шаҳрида жойлашган.

Мавзуга оид